ДХХ: Тошкентдаги нарколабораториядан йирик миқдорда гиёҳванд моддалар чиқди
Тошкент шаҳрида аниқланган нарколабораториядан катта миқдорда гиёҳванд моддалар ва прекурсорлар олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1979 й.т. шахс пойтахт ҳудудининг турли манзилларидаги кўп қаватли уйларнинг йўлакларига ва бошқа жойларга хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларини беркитиб кетаётганлиги аниқланиб, қўлга олинди.
Унинг ёни ва автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 15 дона кичик бўлакларда “Алъфа ПВП” ва 24 дона бўлакларда “Мефедрон” гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида, унинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилиб, уйнинг ертўласида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланди.
Олиб борилган тезкор тадбир давомида, қонунбузарнинг ёнидан ва уйидан жами 2,8 кг гиёҳванд моддалар ҳамда 11,5 литр прекурсорлар, шунингдек, нарколаборатория учун зарур бўлган анжомлар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, унинг телефонида бўлган геолокация ёрдамида, муқаддам Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудидаги хуфия жойга яшириб қўйилган, синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган 49,9 кг ва 48 литр прекурсорлар олинди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
