Германия Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди
Германия Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш нияти йўқлигини билдирди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль 2 март куни Deutschlandfunk радиосига берган интервьюсида маълум қилди.
Ушбу баёнот Эрон кучларининг Иордания ва Ироқдаги Германия армияси — Бундесвер — позицияларига ҳужумлари фонида янгради.
Вазирнинг таъкидлашича, Германиянинг бундай операцияларда иштирок этиш учун зарур ҳарбий имкониятлари йўқ. Шу билан бирга, немис ҳарбий хизматчиларига ҳужум қилинган тақдирда, улар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Ҳозирда Бундесвер бўлинмалари Иордания ва Ироқда жойлашган бўлиб, маҳаллий кучларни ўқитиш билан шуғулланмоқда. Расмийларга кўра, жойлардаги қўшинлар ҳимоя иншоотларида хавфсиз ҳолатда.
Вадефуль Эронни нафақат Исроил, балки бутун Европа учун жиддий таҳдид деб атади. У Теҳроннинг Европа давлатларига етиб бориши мумкин бўлган баллистик ракета дастури ва киберхавф-хатарларга ишора қилди.
Шунингдек, у Эроннинг Украина можаросида Россияни қўллаб-қувватлаётганини ҳам қайд этди.
Ҳукумат манбаларига кўра, вазир баёноти Германия, Франция ва Буюк Британиянинг эҳтимолий «мудофаа чоралари» ҳақидаги қўшма позициясига зид эмас. Германия буни, аввало, ҳарбийларига ҳужум қилинган тақдирда ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи сифатида талқин қилмоқда.
