“Ақлли” сув ҳисоблагичлари сув сарфини уч бараварга камайтирди

“Ақлли” сув ҳисоблагичлари сув сарфини уч бараварга камайтирди

Пойтахтнинг Миробод ва Шайхонтоҳур туманларида жойлашган кўп квартирали уйларга ўрнатилган “Ақлли” сув ҳисоблагичлари сув сарфини уч бараварга камайтирди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Кореянинг "K-Water" корпорацияси билан ҳамкорликда кўп квартирали уйлардаги 8 450 та хонадонда синов тариқасида “ақлли” сув ҳисоблагичларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Сув ҳисоблагичларини ўрнатиш сув сарфини аниқ мониторинг қилиш ва шу тариқа ортиқча сув сарфланишининг олдини олиш, шунингдек, маълумотларни масофадан туриб юбориш имконини беради”, дейди Акмал Муродов.

Айтилишича, апрель ойи ҳолатига кўра, акциядорлик жамиятининг биллинг тизимида 4,2 миллион нафар абонент мавжуд бўлиб, улардан 60 фоизи сув ҳисоблагичлари билан таъминланган.

Истеъмолчиларни сув ҳисоблагичлари билан таъминлаш мақсадида ўтган йилда мамлакат бўйлаб 312 мингта сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Бу йил 225 мингта сув ҳисоблагичини ўрнатиш режалаштирилган бўлса, шундан уларнинг 121 мингтаси январь-апрель ойларида ўрнатиб бўлинди.

Шунингдек, 2022-2024 йилларда сув иншоотлари, магистрал ва кўча бошидаги тармоқларига жами 15 579 та сув ҳисоблагичини ўрнатиш режалаштирилган.

Маълумот учун, республика ҳудудларида сўнгги 5 йилда 6 млн 500 минг аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан илк бор таъминланди. 4 млн 500 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

2022-2026 йилларда аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини қарийб 87 фоизга етказиш кутилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!