Андижонлик аёлларнинг очлик эълон қилишида ҳоким айбдорми?

Андижонлик аёлларнинг очлик эълон қилишида ҳоким айбдорми?

Депутат Расул Кушербаев уйи бузилиб, компенсация тўланмаётганлиги сабабли очлик эълон қилган андижонлик аёллар масаласи бўйича ўз муносабатини билдирди. У бунга ҳокимлар ва уларга топшириқ берадиган мутасаддилар масъул эканлигини айтди.

Бир неча кун аввал андижонлик бир гуруҳ аёллар уйлари бузилгани учун компенсация тўланмаётгани сабабли очлик эълон қилган видеоси тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутати Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирди.    

“Бошдан айтиб ўтиш керак: “снос” масаласида қонун талабларига риоя этилмай, аҳолининг уй жойи бузиб ташлангани кўриниб турибди. Аввал компенсация тўлиқ қопланиб ёки компенсация ўрнида фуқароларга мос равишда уй-жой берилгач, эски уй деб айтилаётган уйлар бузилиши керак эди. Бироқ бундай бўлмаган.

Уй жойни бузиш масаласи энг оғриқли муаммолардан бири эканлиги, ҳатто фуқароларни митингга чиқиш, намойишкорона очлик эълон қилиш, бензин сепиб ёқиб юбориш каби жамиятимиз учун нотабиий ишларни қўллашга мажбур қилаётганлигини кўриб турибмиз. Бу жуда хавфли ва мамлакат обрўсини туширадиган иш. Бу ишнинг бош айдори эса ўша ердаги ҳоким ва унинг жамоасидир.

Мен бир нарсага ишонаман: “снос”ни қонунга амал қилиб, фуқарони рози қилиб амалга ошира олмаган ҳоким, вазифасига нолойиқ,  уқувсиз раҳбардир.

Хусусий мулк дахлсизлигини амалда кўрсатиб, намуна бўлмас эканмиз, Ўзбекистонга инвестиция оқими кучаймайди, одамларимиз яхши яшамайди, қонунларга ва давлатга ишонмайди. Ҳокимлар ва уларга шундай топшириқ бериб натижа қилмоқчи бўлаётган масъуллар буни яхши англашлари керак", дейди Расул Кушербаев. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!