Қурувчилар қурилаётган объект манзили бўйича рўйхатга олиниши белгиланди
Ҳукумат қарори билан қурувчиларни қурилаётган объект манзили бўйича рўйхатга олиш тартиби тасдиқланди. Бу қарор ижросини назорат қилиш ички ишлар вазири зиммасига юкланди.
Вазирлар Маҳкамасида 23 декабрда «Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат тадбиркорлик субектлари учун ходимларни ишга ёллашда қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, қурилиш обектлари ёки ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарининг яшаш учун мослаштирилган жойларида яшаб, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда қонунчилик ҳужжатларида қурилиш обектларига ёки ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарига ишлаш мақсадида келган ва ушбу обектларнинг яшаш учун мослаштирилган жойларида яшаб, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибининг белгиланмагани тадбиркорлар учун ноқулайлик туғдирмоқда.
Қурилиш объектларида ёки ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарида ишлаш мақсадида келган ва ушбу объектларнинг яшаш учун мослаштирилган жойларида (вақтинча иншоотлар, мослаштирилган бинолар ва контейнер уйларда) яшаётган фуқаролар ушбу қурилиш объектлари ёки ишлаб чикариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарига «Манзил» тизими орқали вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинади.
Бунда фуқароларни қурилиш объектлари ёки ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарига вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш мазкур қурилиш объектлари ёки ишлаб чикариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарида яшаш учун мослаштирилган жойларнинг мавжудлиги, рўйхатга олинаётган фуқаролар турар жой билан (техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, санитария- эпидемиология режими талабларига риоя этилган ҳолда) таъминланганлиги ҳамда уларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ҳақида қурилиш объектлари ёки ишлаб чикариш (хизмат кўрсатиш) корхоналари раҳбарларининг хати (розилиги) асосида амалга оширилади.
Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириши белгиланган. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига юкланди.