Африка CDC: маймунчечак эпидемияси жамоат саломатлиги учун фавқулодда ҳолатга айланди
Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Африка CDC) маймунчечак (mpox) вирусини Африка қитъасида соғлиқни сақлаш учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Ташкилот баёнотида таъкидланишича, Фавқулодда вазиятлар бўйича маслаҳат гуруҳи континентал ташвиш (PHECS) ҳолатини сақлаб қолишни тавсия этган.
Ҳафталик касалланиш сони тахминан 52 фоизга камайган бўлса-да, Гана, Либерия, Кения, Замбия ва Танзанияда ўсиш қайд этилган. Шунингдек, Малави, Эфиопия, Сенегал, Того, Гамбия ва Мозамбикда ҳам янги ҳолатлар аниқланган.
“2 сентябр куни вазият кўриб чиқилди ва фавқулодда ҳолат бекор қилиниши керакми-йўқлиги муҳокама қилинди. Гуруҳ уни узайтириш зарур деган хулосага келди. Чунки PHECSни муддатидан олдин бекор қилиш ўз-ўзидан хотиржамликка, молиялаштиришнинг қисқаришига ва янги ҳолатлар кўпайишига олиб келиши мумкин”, — дейилади баёнотда.
Айниқса, болалар ўлими ҳолатларини чуқур ўрганиш, хавфли мамлакатларда 12 ёшгача бўлган болалар учун эмлаш имкониятларини кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Гуруҳ ҳисоботига кўра, 2024 йил бошидан бери Африканинг 29 давлатида маймунчечак ҳолатлари қайд этилган. Жами 185 994 ҳолат аниқланган, шундан 51 969 таси лабораторияда тасдиқланган. Касаллик туфайли вафот этганлар сони 1987 нафарга етди.
PHECS режими илк бор 2024 йил 13 августда жорий этилган.
