Афғонистон Покистон ҳужумларида 12 киши ҳалок бўлганини маълум қилди
Афғонистон ҳукумати Покистон билан чегарадаги тўқнашувларда 12 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
Tolo News телеканали хабарига кўра, ҳукумат сўзловчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид баёнот берган —
“Покистон кучлари Қандаҳор вилоятининг Спин Болдак туманида енгил ва оғир қуроллардан фойдаланган ҳужумлар уюштирди. Натижада 12 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ одам яраланди,” — деди у.
Мужоҳиднинг сўзларига кўра, афғон кучлари ҳужумларга жавоб қайтарган, натижада бир неча покистонлик ҳарбийлар ҳалок бўлган, айрим базалар ва назорат пунктилар эгаллаб олинган.
Шу билан бирга, Покистон армияси Dawn газетаси орқали баёнот бериб, афғон кучлари Спин Болдакдаги тўрт нуқтага зарба берганини, Покистон эса жавоб чораси кўрганини маълум қилди. Уларга кўра, 15–20 нафар афғон аскари ҳалок бўлган, яна кўплаб ҳарбийлар яраланган.
9 октябрь куни Кобулда содир бўлган портлашлардан сўнг, Афғонистон ҳукумати Покистонни ҳодисада айблаган эди. 11 октябрь куни эса чегарадаги Пактия вилоятида шиддатли отишмалар юз берган.
Жанглар Қатар ва Саудия Арабистони воситачилиги орқали тўхтатилгани маълум қилинди.
Покистон армияси маълумотича, тўқнашувларда 23 нафар аскар ҳалок бўлган, 29 нафари яраланган, ҳамда Афғонистон раҳбарияти билан боғлиқ 200 дан ортиқ “террорчи” йўқ қилинган.
