84 ёшли беморда аортал клапан имплантацияси муваффақиятли ўтказилди

84 ёшли беморда аортал клапан имплантацияси муваффақиятли ўтказилди

Томир орқали амалга ошириладиган аортал клапан имплантацияси юқори технологик жарроҳлик операцияси ҳисобланади.

У беморнинг кўкрак қафасини очмаган ҳолда, чуқур умумий наркозсиз, оёқ-сон артериясига махсус катетерларни киритиш ёрдамида бажарилади.

Амалиёт, асосан, аортал клапаннинг критик торайиши кузатилган катта ёшли кишиларда, очиқ турдаги анъанавий операцияларга қарши кўрсатмалар бўлганда ўтказилади.

Бу муолажа усули республикамизда 30 мартага яқин, вилоятлар кесимида эса сўнгги икки йилда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида икки маротаба бажарилган.

Навбатдаги шундай юқори технологик операция академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилди.

Унга мазкур муассаса бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Миржамол Зуфаров, Москвадаги А.Л.Мясников номидаги кардиология маркази профессори Тимур Имаев ва тиббиёт фанлари доктори Набижон Йўлдошев бошчилик қилди.

Энг муҳими, амалиёт натижасида 84 ёшли бемор отахон бир неча йиллик оғир дарддан халос бўлди.

— Операция муваффақиятли ўтди, — дейди Н. Йўлдошев. — Беморнинг аортал клапан кўрсаткичлари жарроҳлик хонасининг ўзидаёқ яхшиланди. Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлиги туфайли отахон яқинлари бағрига соғ-саломат қайтадиган бўлди.

Келгусида бундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари юртимизнинг барча ҳудудларида бажарилиши режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!