40 йил бировнинг юраги билан яшаган инсон Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

40 йил бировнинг юраги билан яшаган инсон Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

Гиннеснинг рекордлар китоби 57 ёшли нидерландиялик Берт Янссен юрак трансплантациясидан сўнг тарихдаги энг узоқ умр кўрган одам эканлигини тасдиқлади. У қарийб 40 йил олдин операция қилинган, деб ёзади BBC.

17 ёшида Янссенга кардиомиопатия ташхиси қўйилган.

Шифокорлар даволаниш учун юрак трансплантацияси зарур деб қарор қилишди. Ўша пайтда мамлакатда бундай операциялар ўтказилмаган.

Шундан сўнг Янсеннинг шифокори уни юрак хасталикларига ихтисослашган Лондоннинг Харфилд касалхонасига юборди.

Уни машҳур мисрлик-британиялик жарроҳ Магди Ёқуб даволаган. Кейинчалик бу шифокор тиббиётга қўшган ҳиссаси учун рицар унвонига сазовор бўлди.

Юрак трансплантацияси 1984 йил 6 июнда, 18 ёшли Янссен касалхонага ётқизилганидан бир ҳафта ўтиб амалга оширилди.

"Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Харфилдга келганимдан бир ҳафта ўтгач, Лондондаги жиддий автоҳалокатдан сўнг дарҳол иккита донор юраклари мавжуд бўлди. Улардан биттаси менга тўғри келди ва трансплантация қилинди”, - дейди бемор.

Янссеннинг сўзларига кўра, у доноридан олган “ажойиб совға учун ҳалигача миннатдор”.

Беморнинг сўзларига кўра, у операциядан кейин тезда тузалиб кетган ва шундан бери тўлиқ ҳаёт кечирган. Ҳозир Янссеннинг хотини ва икки фарзанди бор.

Берт Янссен операция қилинганида 18 ёшда эди.

“Бундай йўлни босиб ўтишимни орзу қилмагандим. Менимча, энг муҳими, мен билан содир бўлган воқеа бошқа одамлар учун муҳим огоҳлантириш эди. Энди бу вақтгача донор юрак билан яшаш мумкинлиги расман тан олинган. Агар кимдир менинг рекордимни янгиласа, хурсанд бўлардим”, — дея қўшимча қилди Янссен.

Янссеннинг операцияси Харфилд касалхонасида амалга оширилган 107- юрак трансплантацияси бўлди.

Магди Ёқуб биринчи марта 1980 йилда бундай муолажани амалга оширган.

Ўшандан бери минглаб беморларга юрак трансплантацияси ўтказилди ва фақат 2022-23 йилларда ушбу шифохонада 54 та юрак трансплантацияси операцияси ўтказилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!