1 августдан нималар ўзгаради?

1 августдан нималар ўзгаради?

1. Фуқаролардан айрим маълумотномаларни талаб қилиш тақиқланади. Бу ҳақда "Зарафшон" нашри ёзмоқда.

Давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланади.

Ушбу ҳужжатларни давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар давлат солиқ хизмати органлари, АТБ “Халқ банки”, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан электрон ўзаро ҳамкорлик орқали мустақил равишда сўрайдилар ва оладилар.

2. Қўшилган қиймат солиғи ва ягона солиқ тўловчилар сафи кенгаяди.

Ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин.

Календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги айрим ходимларининг иш ҳақи ошади.

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра вазирлик бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўлланади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан вазирлик марказий аппаратининг:

  • фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига — 30 фоиз;
  • фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига — 35 фоиз устамалар белгиланади.
  • Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари ойлик лавозим маошига олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача — 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача — 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача — 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ — 40 фоиз ойлик устамалар тўланади. 

4. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ошади.

Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

2019 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

  • иш ҳақи — ойига 223 000 сўм;
  • ёшга доир пенсиялар — ойига 436 150 сўм;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 436 150 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм этиб белгиланади.

Шунингдек, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизигаоширилади;

II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар — пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;

боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

5. Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар миқдори ўзгаради.

  • газ таъминоти ташкилотлари томонидан табиий газни сотишдан тушадиган маблағлардан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини чегириб ташлаган ҳолда, 5 фоиз миқдорда амалга оширилади;
  • “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ корхоналари томонидан электр энергиясини сотишдан тушадиган маблағлардан Жамғармага ажратмалар, қўшилган қиймат солиғи чиқариб ташланган ҳолда, 5 фоиз миқдорда амалга оширилади;
  • табиий газ ва электр энергиясини сотишдан тушадиган маблағларни тақсимлаш тижорат банклари томонидан автоматик тартибда амалга оширилади.

6. Айрим турдаги товарларни маркировкасиз сотиш тақиқланади.

2019 йилнинг 1 августидан бошлаб, товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда босқичма-босқич мажбурий маркировкалаш жорий этилади.

Бунда 39 турдаги товарлар 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб мажбурий тартибда маркировкаланади. 

7.  Телекоммуникация операторлари ва провайдерларига қўшимча кафолатлар берилади.

Олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бюджет ташкилотлари учун телекоммуникация инфратузилмасини яратишни таъминлаган телекоммуникация операторлари ва провайдерларига (мобил алоқа операторларидан ташқари) 10 йил давомида қуйидагилар кафолатланади:

  • уларнинг хизматларидан олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари фойдаланиши;
  • “Ўзбектелеком” АК томонидан Интернет тармоғига кириш хизматини уланиш жойидан қатъи назар ягона тариф бўйича тақдим этилиши;
  • олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари томонидан мазкур ташкилотларга, шунингдек, ушбу ҳудуддаги аҳоли ва бошқа юридик шахсларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган телекоммуникация воситаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмаларни беғараз асосда тақдим этиш.
  • Шунингдек, телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиқ солинадиган база олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини яратишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади.

8. Баҳоловчилар тоифаланади.

Баҳоловчиларнинг малака даражаси ва баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотларидаги аъзолигидан келиб чиққан ҳолда тоифаланади.

Тоифалаш натижаларини Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Баҳолаш ташкилотлари ассоциацияси ва Баҳоловчилар жамиятининг веб-сайтларида эълон қилинади.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!