Франция ва Германия ядро масалалари бўйича қўшма гуруҳ тузди
Гуруҳ икки давлат ўртасида мулоқот ва стратегик ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун платформага айланади. Томонлар таъкидлашича, бу ҳамкорлик NATO'нинг ядровий тизимини тўлдиради, аммо Германиянинг альянсдаги ядровий вазифаларига таъсир қилмайди.
Биринчи амалий қадамлар 2026 йилга мўлжалланган бўлиб, Германия ҳарбийлари Франциядаги ядровий машғулотларда иштирок этади, икки давлат вакиллари бир-бирининг стратегик объектларига ташриф буюради.
Шунингдек, Париж ва Берлин ядровий бўсағадан пастдаги эскалацияни бошқариш имкониятларини кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу эрта огоҳлантириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва узоқ масофали, юқори аниқликдаги зарбаларни ҳам ўз ичига олади.
2 март куни Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакат ядровий қуроллари сони ва улар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни тўхтатиш режаларини эълон қилди. У буни “геосиёсий ўзгаришлар даври” билан изоҳлади ва иттифоқчи давлатларга ядровий қуролига эга француз самолётларини вақтинча жойлаштиришга рухсат берди.
AP маълумотларига кўра, Франция камида 1992 йилдан бери ядровий қуроллар сонини оширмаган. Ҳозирда мамлакатда 290 га яқин ядровий каллак бор бўлиб, бу Россия, АҚШ ва Хитойдан кейин дунёда тўртинчи ўринни ташкил этади.
