Теҳрондаги деярли барча йўл камералари йиллар давомида Исроил томонидан бузиб кирилган
Financial Times нашрининг икки манбага таяниб хабар беришича, Теҳрондаги йўл кузатув камералари ёзувлари шифрланган ҳолда Тель-Авив ва Исроил жанубидаги серверларга узатиб турилган. Бу маълумотлар олий раҳбар Али Хоманаийга қарши зарба беришда муҳим роль ўйнаган.
Манбаларга кўра, камералардан бирининг кўриш бурчаги Исроил махсус хизматларига Хоманаий қароргоҳи ва бошқа ҳукумат бинолари атрофида қўриқчиларнинг автомобилларни қандай тўхтатишини кузатиш имконини берган. Бу эса қаттиқ қўриқланадиган мажмуадаги кун тартиби ҳақида маълумот тўплашга ёрдам берган.
Исроил разведкасидаги амалдорнинг FT’га айтишича, зарбадан анча олдин “биз Теҳронни Қуддусни билганимиздек яхши билардик”. Шу боис одатий манзарадан ҳар қандай четга чиқишни пайқаш осон бўлган.
Камералар ягона манба бўлмаган. Нашр ёзишича, улар бошқа маълумотлар, жумладан мобил алоқа тармоқлари орқали олинган ахборотлар билан бирга Эрон раҳбарияти тадбирлари жадвалини аниқлашга ёрдам берган.
Тўпланган маълумотларга кўра, 28 февраль куни Али Хоманаий юқори мартабали амалдорлар билан учрашув ўтказиши кутилган. FT манбалари таъкидлашича, бу маълумотни Исроил махсус хизматларига ЦРУ ҳам тасдиқлаган. АҚШ разведкасига эса бу ҳақда ахборотни информатор етказган. ЦРУ изоҳ беришдан бош тортган.
Нашрга кўра, ҳукумат мажмуасига берилган ва Хоманаий ҳамда бошқа раҳбарлар ҳалок бўлган зарба Исроил ва АҚШ томонидан олинган икки мустақил разведка маълумоти асосида амалга оширилган.
