Қарз шартномаси ҳақида нималар биламиз?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нинг 732-моддасида қарз шартномасининг тушунчаси қуйидагича ифодаланган: “Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади”.
Қарз олувчининг пул ва турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёлардан фойдаланиши фақатгина уларни истеъмол қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Шу сабабли, қарз олувчига қарз объектидан фойдаланиш муддати тугагандан сўнг айнан шу пул ёки ашёни қайтариш мажбурияти юкланиши мумкин эмас. Қарз шартномасининг конструкциясига яқин бўлган баъзи шартномалар (текин фойдаланиш, мол-мулкни ишончли бошқариш)да эса шартнома объекти фойдаланиш жараёнида ўзининг хусусиятларини йўқотмайдиган индивидуал – белгиланган ашёлар бўлганлиги сабабли айнан олинган ашёнинг ўзи қайтарилиши талаб қилинади.
Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи талаб қилган вақтда қайтарилиши керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун қарз билан кредит битта шартнома деб ўйлайдиганлар ҳам учрамоқда. Аслида эса ундай эмас. Уларнинг фарқли жиҳатлари мавжуд.
Кредит бу — банк ёки бошқа кредит ташкилоти томонидан жисмоний ва юридик шахсга маълум келишилган шартлар бўйича аниқ муддатга бериладиган маблағдир. Яъни олинган кредитни ўрнатилган график бўйича қайтариш ва унга тўланадиган фоизларни тўлаш мажбуриятини сиз ўз зиммангизга оласиз.
Қарз эса биринчи томон яъни қарз берувчи қарз олувчига пул ва бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарзни бир йўла ёки бўлиб-бўлиб қайтаради. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 733-моддасида қарз шартномасининг шакли кўрсатилган бўлиб, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бундан эса, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган пул суммаси қарзга берилган ҳолатларда шартнома оғзаки шаклда ҳам тузилиши мумкинлиги англашилади.
Амалда қарз шартномаси қарз олувчи томонидан қарз берувчига тилхат бериш орқали расмийлаштирилади. Бу қоида ҳам фақат фуқароларга нисбатан қўлланади. Чунки, юридик шахснинг раҳбари ёки бош ҳисобчиси ва вакил сифатида бирор ходими юридик шахснинг муайян суммадаги пулни қарзга олганлиги хусусида тилхат бериш ҳуқуқига эга бўлолмайди. Қарз тилхати қарз олувчининг имзоси билан тасдиқланади ва процессуал жиҳатдан далилга тенглаштирилади.
Фуқаролик кодексининг 733-моддасининг учинчи қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёхуд муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Албатта, қарз шартномаси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда мажбуриятни ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, Фуқаролик кодексининг 735-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтаришни талаб қилган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши кераклиги инобатга олиниши лозим.
Қарз шартномаси умумий қоидага кўра ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади, фоиз миқдори эса (агар фақат қонун ёки шартномада фоиз тўланмаслик хусусияти ўрнатилмаган бўлса), ФКнинг 734-моддасига биноан шартнома билан белгиланади. Ушбу шартномада фоиз миқдори ҳақида тўғридан-тўғри кўрсатмалар бўлмаса, бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз тўлаш ФКнинг 327-моддасидаги қоидаларга биноан амалга оширилади.
Ушбу моддада белгиланган бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, қайтариб беришдан бош тортиш, тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ундиришни фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг алоҳида, ўзига хос бир чораси деб ҳисоблаш мумкин.
Тарафларнинг келишувига биноан фоизлар пул ёки натура шаклида тўланиши мумкин, бу қарзнинг предметига боғлиқ бўлмайди.
Қарз шартномаси бўйича фоизлар тарафлар томонидан келишилган ҳар қандай ҳолатда тўланиши мумкин, махсус кўрсатма бўлмаган тақдирда эса ҳар ойда, аммо шартномада қарз суммасини қайтариш муддатигача эмас, балки унинг ҳақиқий қайтарилиши кунигача тўланиб борилиши лозим.
Шартнома объекти турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бўлган вазиятларда қарз шартномаси матнида ушбу ашёларга боғлиқ қуйидаги жиҳатлар кўрсатилиши лозим:
1) қайтарилиши лозим бўлган ашёларнинг номи ва миқдори;
2) ашёларнинг ассортименти, сифати ва туркуми (комплектлилиги);
3) ашёларнинг қарз берувчидан олинган ашёларга мувофиқлигини текшириш тартиби;
4) ашёларни қарз берувчига етказиб бериш;
5) қарз берувчига қайтарилган ашёлардаги нуқсонларни аниқлаш, уларни қайд этиш ва қарз берувчига эътироз билдириш муддати ва тартиби.
Қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини исбот қилиб, қарз шартномаси юзасидан даъволашишга ҳақли.
Элбек Жўраев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона туманлараро судининг судьяси