​“Йўтал” дорими ёки “кўкнори”?

​“Йўтал” дорими ёки “кўкнори”?
Меҳмон божхона назоратидан ўтказилаётганда қўл сумкаси ичидаги 2 дона “Соugh” номли қутилар божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
 
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постининг пиёдалар йўлагига Афғон миллатига мансуб Россия Федерацияси фуқароси З.М.А. кириб келди. Меҳмон божхона назоратидан ўтказилаётганда қўл сумкаси ичидаги 2 дона “Соugh” номли қутилар божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
 
Оғзаки сўров жараёнида З.М.А. ушбу қутиларни ўзи учун олгани ва ичида йўталга қарши дамлама борлигини маълум қилди. Сергак божхона ходимлари қутиларни очиб кўрганида айрим гиёҳлар билан аралаштирилган оғирлиги 86,72 граммни ташкил этувчи “кўкнори” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
 
Шундай қилиб, юртимизга кириб келиши мумкин бўлган яна бир заҳри қотилнинг йўли тўсилди ва З.М.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
 
– Мамлакатимиз ҳудудига турли йўллар билан гиёҳванд моддаларни киритишни хаёл қилган шахслар қаттиқ адашади, – дейди вилоят божхона бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар гуруҳи инспектори Шохруз Ўралов. – Масалан, мазкур чегара божхона постида қўшни Афғонистон Ислом Республикасидан юртимизга кириб келган юк поезди божхона назоратидан ўтказилганда “уддабурон”лик қилмоқчи бўлган нопок шахслар сири фош бўлиб қолди. Вагон конструкциясининг хуфия жойига устамонлик билан яшириб олиб кирилаётган 48,4 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!