Тонометр тарихи: тиббий асбоб илк бор отларда синаб кўрилган
1773 йили инглиз олими Стефан Хейлс қон босимини ўлчовчи асбоб яратди ва буни илк бор отларда синаб кўрди. Ушбу асбоб ҳозирги тонометрлардан бирмунча фарқли бўлиб, арқон, асалли най, ойнали пробиркадан иборат эди.
Франциялик Жан Луи юз йил ўтиб тонометрни мукаммаллаштирди. У орқали артериядаги ҳолатни аниқроқ билиш мумкин эди. Шундан сўнг турли юртлардаги яна бир қанча олимлар қон босимини ўлчовчи асбоб яратишга уриниб кўрдилар.
1856 йили жарроҳ шифокор Фавр қон босимини ўлчашда рақамлардан фойдаланишни жорий этди. У операция пайти артерияни симобли манометрга улаб қўйган ва аниқ натижани олишга эришган.
Австриялик шифокор Самуэль Зигфрид яратган қон босим ўлчагич сфигмоманометр деб номланган. Унда сув тўлдирилган резинали қопчадан фойдаланилган бўлиб, систолик босимни яхши ўлчарди.
1896 йили Сципион томонидан тузиб чиқилган тонометр эса ҳозирги асбобга нисбатан яқин бўлиб, фойдаланиш оддий ва хавфсиз эди. Фақат манжет жуда қисқа, 5 сантиметрни ташкил этарди. 1901 йили Генрих исмли олим манжетни 12 см.гача узайтирди.
1905 йили жарроҳ Николай қон босимини ўлчашда овозли методдан фойдаланиш, яъни пульсацияга қулоқ тутишни жорий этди. Биласизки, бу хозир ҳам қўлланилади. Шу сабаб ҳам Николайнинг тонометри тиббиётчилар томонидан ҳақиқий деб топилган.
Николай рус-япон уруши пайти госпиталда ишлаб, яраланган аскарларни операция қилди. Шунда артериал босим ҳолатидан хабардорлик нақадар муҳимлигини тушунди. Чунки гангренанинг олдини олиш учун зарарланган томирни тинмай эшитиб туриш керак эди. Олим таассуротларини илмий асослаб, маъруза тайёрлади ва матбуотда чоп этди. Атиги 281 сўздан иборат матнда тонометрнинг функциялари тушунтирилган эди. Ихтиро қон-томирлар жарроҳлигида муҳим аҳамият касб этди.
Орадан 60 йил ўтиб, америкалик шифокор Сеймур автоматик тонометрни ихтиро қилди, унда резинали қопча компрессорга, стетоскоп микрофонга алмашган эди.
Тонометрнинг муомалага кириши тиббиёт ривожига катта хисса қўшди. Артериал босим ҳолатидан хабардорлик шифокор ва беморларга вақтида чора кўриш, хавфли ҳолатлардан сақланиш имконини берди.
