Юртимизда 21га тўлмаган ёшларга тамаки ва алкогол маҳсулотларини сотиш расман тақиқланди

Юртимизда 21га тўлмаган ёшларга тамаки ва алкогол маҳсулотларини сотиш расман тақиқланди

“Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонун билан алкогол ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланди.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишни бевосита амалга ошираётган шахс 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкогол ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишини рад этиши шарт.

Қонун билан алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш билан боғлиқ муносабатлар, шунингдек, соҳага масъул органларнинг ваколатлари белгиланди. Унга кўра, алкогол ва тамаки маҳсулотларини қуйидаги ҳолатларда реализация қилиш (сотиш, сотиб олиш ва ҳ.к.) тақиқланади:

  • 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан;
  • сотувчининг бевосита иштирокисиз, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан, электрон тижорат шаклида;
  • сайёр савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда;
  • болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда;
  • болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса;
  • соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;
  • таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида;
  • яроқлилик муддати ўтганда, маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;
  • доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган), истеъмол ўровида (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан.

Алкогол маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади. Чилим чекиш учун махсус ажратилган жойлар фақат чилим бериш бўйича хизматлар кўрсатиладиган, вентиляция тизимлари билан жиҳозланган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда ташкил этилиши мумкин.

Алкогол маҳсулотларининг истеъмол идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!