Юрак тез уриши, қўлларда титроқ, вазн йўқотиш... Бу — заҳарли буқоқ аломатими?

Аксарият эндокринологик касалликлар оғир асоратлари билан хавфли ҳисобланади. Шулардан бири буқоқдир.
— Буқоқ қалқонсимон безнинг катталашуви билан кечувчи хасталик, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Севара Фахрутдинова. — Касаллик ушбу аъзонинг гормонал фаолияти кучайиши, сусайиши ёки ўзгармаслиги билан намоён бўлади. Буқоқ ҳақида гапиришдан аввал, мазкур без ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам.
Қалқонсимон без — бўйиннинг олд қисмида жойлашган. У тироксин ва трийодтиронин гормонларини ишлаб чиқариш орқали танадаги кўплаб жараёнлар, хусусан, асаб, юрак-қон томир, ошқозон-ичак ва суяк-таянч тизимлари фаолиятини бошқаради. Ҳатто миянинг нормал ишлаши ҳам қалқонсимон без фаолиятига боғлиқ.
Қалқонсимон без касалликларини келтириб чиқарувчи бир қатор омиллар мавжуд. Буларга турли аутоиммун ва инфекцион касалликлар, йод танқислиги, стресс, интоксикация, оқсил ва витаминлар етишмаслигини мисол қилиш мумкин.
Қалқонсимон бездаги ўзгаришларнинг хусусиятига кўра, диффуз буқоқ, тугунли буқоқ ва аралаш турлари таснифланади. Қалқонсимон без гормонал фаолиятига кўра, диффуз буқоқ, ўз навбатида, гипотиреоз, эутиреоз ва диффуз-токсик (гипертиреоз) шаклларга бўлинади.
Жумладан, унинг диффуз-токсик тури халқ орасида заҳарли буқоқ деб ҳам аталади. Мазкур хасталикка қалқонсимон безнинг катталашиши ва унда гормонларнинг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилиши сабаб бўлади.
Бунда беморлар асабийлик, юрак тез уриши, безовталик, озиш, соч тўкилиши, теридаги турли тошмалар, қизиб кетиш, кўп терлаш, қўлларда титроқ, кўзларнинг катталашишидан шикоят қилади.
Қолаверса, бу дардга чалинганлар уйқусизликдан қийналади. Касалликка ташхис қўйиш лаборатор-қон таҳлиллари ва инструментал текширувлар натижасида амалга оширилади.
Бугунги замонавий тиббиёт заҳарли буқоқни 3 хил усулда даволашни таклиф этади. Булар медикаментоз даво, яъни дори-дармон билан, шунингдек радиоактив йод ҳамда жарроҳлик усулларидир.
Агар тегишли текширувлардан сўнг заҳарли буқоқ ташхиси қўйилса, бемор шифокор қатъий назорати остида даволаниши лозим. Акс ҳолда касаллик организмда турли оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.