Ёш ўзбек киноижодкорлари халқаро кинофорумда энг кўп мукофотни қўлга киритди

Ёш ўзбек киноижодкорлари халқаро кинофорумда энг кўп мукофотни қўлга киритди

Чеченистон Республикасининг Грозний шаҳрида “Золотой Витяз” (“Олтин рицарь”) ХХХII халқаро кинофоруми бўлиб ўтди.

Ўзининг 32 йиллик фаолияти давомида “Золотой Витяз” кинофоруми Россия, Беларусь, Украина, Сербия, Болгария, Молдова, Босния ва Герцоговина кинематография, театр, адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъат бўйича юздан ортиқ кенг кўламли форумлар ўтказди. Халқаро кинофорум тадбирларида дунёнинг 60 мамлакатидан 10 мингдан ортиқ маданият арбоблари иштирок этди.

“Золотой Витяз” ХХХII халқаро кинофорумида дунёнинг 20 мамлакатидан, шу жумладан Россия, Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Исроил, Эрон, Испания, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Сербия Республикаси, Руминия, Туркия, Ўзбекистон, Украина, Франция, Швейцариядан 12 та бадиий, ҳужжатли, анимацион, дебют, талабалар ва болалар фильмлари иштирок этди.

Кинофорумда халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига Россия, Аргентина, Болгария, Германия, Испания, Эрон, Қирғизистон, Шимолий Македония, Сербия ва Туркиянинг энг йирик экспертлари киритилган.
Танловдан ташқари, форум доирасида таниқли киноижодкорлар иштирокидаги фильмлар премьералари, уларнинг томошабинлар билан муҳокамалари, фильмлар ретроспективлари, илмий конференция, бир қатор киномактаблар билан ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Киномактаб ва илмий конференцияда Ўзбекистондан санъатшунослик фанлари фалсафа доктори, Истанбул кино академияси фахрий академиги, Тошкент шаҳридаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали директори Элдор Йўлдошев иштирок этди.

Бу йилги танлов дастурида Ўзбекистондан Тошкент шаҳридаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали талабаларининг 4 та фильми иштирок этди. Булар орасида талабаларнинг дебют ишлари, қисқа метражли, ҳужжатли ва тўлиқ метражли фильмлари ҳам бор эди.
Ёш ўзбек киноижодкорларининг фильмлари мукофотлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади.
“Инсон”, “Саробга йўл” ва “Скотч” фильмлари ҳакамлар ҳайъатининг алоҳида мукофотларига сазовор бўлди. Шунингдек, “Скотч” фильми энг яхши дебют фильм сифатида бронза дипломига ҳам сазовор бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати раиси, “Ника” киноакадемияси Президенти Андрей Кончаловский “Бу кўрсаткич ўзбек киносининг янги тўлқинидан далолат беради”, дея таъкидлади.

Айтиш керакки, илгари ушбу фильмлар бошқа нуфузли халқаро кинофестивалларда ҳам юқори баҳоланган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!