Хитой ҳукумати АҚШ билан савдо уруши доирасида авиакомпанияларга Boeing самолётларини қабул қилмасликни буюрди – Bloomberg

Агентлик манбаларига кўра, Хитой ҳукумати, шунингдек, ташувчилардан Қўшма Штатлар компанияси самолётлари учун ускуналар ва эҳтиёт қисмларни сотиб олишни тўхтатишни талаб қилган.
"Пекин Доналд Трампнинг савдо тарифларига жавобан АҚШ маҳсулотларига қўйилган божлар ўз-ўзидан Америка самолётлари ва эҳтиёт қисмларининг нархини икки баравардан кўпроққа оширади, шу сабабли уларнинг сотиб олиниши мақсадга мувофиқ эмас деган фикрда", дея хабар бермоқда нашр.
Агентликка кўра, Хитой ҳукумати Boeing самолётларини ижарага олган ва юқори харажатларга дуч келаётган авиакомпанияларга ёрдам кўрсатиш йўлларини ҳам кўриб чиқмоқда.
"Гарчи Airbus муҳим етказиб берувчи бўлса-да ва хитойлик ташувчилар маҳаллий Cоmac C919 самолётларига умид боғлаётган бўлса ҳам, авиакомпаниялар техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва алмаштириш талаб қиладиган юзлаб Boeing самолётларига эга", — дея маълум қилди Bloomberg манбалари.
Aviation Flights Group маълумотларига кўра, Хитой авиакомпаниялари 10 га яқин янги Boeing 737 Мах самолётлари етказиб берилишини кутмоқда. Уларнинг баъзилари Сиетлдаги Boeing завод базасида, бошқалари эса Хитой шарқидаги Чжоушан шаҳридаги якуний ишлов бериш марказида жойлашган.
Mанбаларнинг хабар беришича, ушбу самолётларнинг бир қисмини етказиб бериш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш ўзаро тарифлар жорий этилгунга қадар якунланган бўлиши мумкин.