Ўзбекистоннинг миллий табиий мероси объектлари рўйхати янгиланди
Республика раҳбариятининг топшириқларини амалга ошириш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг миллий аҳамиятга эга табиий объектлари, шу жумладан ноёб ва такрорланмас экотизимлар, биоихилма-хиллик турлари, сув ҳавзалари ва табиий ландшафтлар хатловдан ўтказилди.
Ўзбекистоннинг миллий табиий мероси объектлари рўйхати янгиланди
Мазкур ишлар натижасида 2023 йилда Ўзбекистоннинг миллий табиий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, тасдиқланди ва унга жами 185 та табиий мерос объекти киритилди. 2024–2025 йилларда олиб борилган ўрганишлар кўлами натижасида Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхати янгиланди. Янги объектларнинг киритилиши ҳисобига миллий табиий мерос объектлари рўйхатидаги умумий позициялар сони 212 тага етказилди.
Маълумот учун: Рўйхатдан кўп йиллик қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва арчазорлар, тўқайзорлар, дарёлар, табиий кўллар ва булоқлар, сойлар ва шаршаралар, даралар ва қоялар, тоғ-тошлар, чўллар ва барханлар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг муҳим ўсиш ҳамда яшаш ареаллари, табиий ландшафт ва муҳим орнитологик ҳудудлар, шунингдек, давлат муҳофазасида бўлган қўриқхоналарни, табиий боғларни ўз ичига қамраб олган.
Хусусан, миллий табиий мерос рўйхатида 212 та объект орасида дарахтзор, арчазор, тўқайзор ва табиий масканлардан иборат бўлган 23 та биологик объект, 49 та булоқ, 23 та кўл, 13 та дарё, 12 та шаршара, 4 та сой ва Орол денгизини ўз ичига олган 101 та гидрологик объект, 8 та ғор, 5 та дара, 14 та тоғ, қоя ва тошлар, 6 та чўл, қумлик ва барханлардан таркиб топган 33 та геологик объект, 2 та табиий воқелик ҳамда Динозавр изи табиий маскани палеонтологик объекти ўрин олди.
Шу билан бирга республика ҳудудидаги 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ва 13 та буюртма қўриқхонаси ҳамда 13 та миллий табиат боғи ва 8 та табиат ёдгорлиги Миллий табиий мерос объектлари сафига кирди.
Шу ўринда, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган трансчегаравий табиий объектлар — Ғарбий Тьян-Шан тоғи (2016 йил) ва Мўътадил минтақадаги Турон саҳролари (Устюрт платоси / 2023 йил) ҳамда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилган Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (1978 йил) ва Қуйи Амударё биосфера қўриқхонаси (2021 йил), шунингдек, Рамсар конвенцияси рўйхатига Ўзбекистондан 5 та объект: Денгизкўл кўли (2002 йил), Айдар-Арнасой кўллар тизими (2008 йил), Тўдакўл табиий сув ҳавзаси ва Қуйимозор сув омбори (2008 йил), Судоче кўли (2023 йил) ва Жилтирбас кўли (2024 йил) киритилган.
Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан 2025 йил 10–19 декабрь кунлари Тошкент Фотосуратлар уйида жамият ва ҳар бир инсоннинг эътиборини атроф-муҳит муаммоларига ҳамда Ўзбекистон табиий мероси объектларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Ўзбекистон табиий мероси” номли фотокўргазма муваффақиятли ўтказилди. Фотокўргазма давомида Миллий қўмита томонидан нашр этилган “Ўзбекистон табиий мероси” ва “Ўзбекистон табиати фаслларда” номли альбом-китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
