Ўзбекистонликлар кўпроқ саёҳатга чиқа бошлади
Аэропорт — мамлакатнинг ўзига хос барометри. Бу ерда жамият кайфияти, инсонларнинг орзу-интилишлари, давлат сиёсати ва ислоҳотларининг натижалари яққол кўзга ташланиб туради. Ўн йиллар аввалги аэропортдаги муҳит ва бугунгисини таққослай туриб, хаёлимдан шу фикрлар ўтди.
Агар авваллари Ўзбекистон аэропортларида асосан иш излаб (Россияга) йўлга чиққанлар, хизмат ёки савдо-сотиқ ташвишида юрган ҳамюртларимиз кўпчиликни ташкил этган бўлса, бугун манзара бошқача: жомадонларини етаклаганича саёҳатга, зиёратга отланаётган одамлар, қувончини ичига сиғдира олмаётган болалар, оилалар... улар шунчаки дунёни кўриш, ҳордиқ чиқариш учун йўлга чиқишяпти.
Сўнгги йилларда ўзбекистонликларнинг хорижга сафарлари географияси ҳам анча даражада кенгайди. Туркия, БАА, Миср каби анъанавий йўналишлар билан бирга Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони, Хитой, Япония, Таиланд, Вьетнам, Индонезия, АҚШ, Буюк Британия ва Грузия сингари давлатлар ҳам фаол танланмоқда. Саёҳатга чиқувчилар сони ҳар йили бир неча баробаргача ошаётгани, биринчи навбатда, жамиятдаги ҳаёт сифатининг ўзгараётганидан далолат. Атрофингизга бир боқинг: албатта қайсидир танишингиз оиласи билан саёҳатга чиқиб келаётганини кўрасиз. Айримлари буни одатий тусга киритган ҳам. Бундан ўн йиллар аввал шундай манзарага гувоҳ бўлармидингиз? Менимча, йўқ!
Саёҳатнинг оммавийлашуви авиация соҳасидаги ўзгаришлар билан ҳам боғлиқ. Ёки аниқроғи, ислоҳотлар авиация соҳасидаги ўзгаришларга туртки бўлди. Бир пайтлар фақат битта авиакомпания хизматидан фойдаланишга мажбур бўлган ҳамюртларимиз бугун ўнлаб йўналишлар ва ўн икки авиакомпания ўртасида танлов қилиш имкониятига эга. Бундан ташқари, хорижнинг ўнлаб авиакомпаниялари ҳам бор. Рақобат нархларни бироз мувозанатлаштирди, хизмат сифатини оширди, парвозни эса кўпчилик учун имконли қилди.
Ўзбекистон ҳатто самолёт ва авиакомпаниялар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи ўринларга чиқиб олди.
Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати маҳсули юртдошларимиз ҳаракат эркинлигида ҳам акс этмоқда. Бугун Ўзбекистон фуқаролари 40 га яқин давлатга визасиз, яна 40 дан ортиқ мамлакатга соддалаштирилган тартибда бориши мумкин. Охирги икки йилда Хитой, БАА, Таиланд, Эрон, Ўмон каби визасиз йўналишлар очилди. Қатар, Саудия Арабистони, Вьетнам каби давлатлар виза режимини енгиллаштирди.
Визаларнинг бекор қилиниши қоғозбозликни камайтирибгина қолмай, бизнинг дунёга, дунёнинг бизга нисбатан ишончи ва қизиқишини оширди. Қолаверса, бу Ўзбекистон фуқаросининг халқаро майдондаги обрўси ортиб бораётганидан дарак.
Марказий банк томонидан берилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда аҳолининг реал даромадлари йилдан-йилга ошиб боряпти. Валюта операциялари ҳажмининг ортиши, халқаро пул ўтказмаларининг ўсиши одамларда нафақат кундалик эҳтиёж, балки саёҳат каби турмуш сифатини оширувчи қарорлар қабул қилиш имкони пайдо бўлганини англатади.
Табиийки, инсон аввал тирикчиликни ўйлайди, фаровонликка эриша бошлаганидан кейин эса яшаш тартибини ўзгартириб боради. Бугун кўплаб оилаларда шундай ўзгаришлар кузатиляпти: тўй-ҳашамлар, ортиқча дабдабалар ўрнини саёҳатлар эгаллаяпти. Аслида саёҳат кўр-кўрона сарф эмас, балки оилавий хотиралар, қадриятлар, фарзандлар тарбияси ва соғлом тафаккурга киритилган сармоя ҳисобланади.
Илмий тадқиқотлар саёҳатнинг стрессни камайтириши, иммун тизимини мустаҳкамлаши, юрак-қон томир касалликлари хавфини пасайтиришини исботлаган. Саёҳат қилган инсон камроқ чарчайди, кўпроқ ҳаракат қилади, руҳан тетик бўлади. Демак, унинг ишида ҳам унум бўлади. Саёҳат инсонга вақтни қадрлашни, ҳаётда яхши яшашни ўргатади. Энг асосийси, саёҳат ҳақиқатан ҳам умрни узайтиради.
Саёҳат энди кўпчилик учун орзу эмас, меъёрга айланди. Турмуш сифати ўсмоқда, инсон ўзини фақат тирикчилик ташвишлари билан чекламай, дунё мўъжизалари ҳақида ўйлай бошлади. Қисқаси, кўп эшиклар очилди, жамият эса бундан фойдаланишни ўрганди.
Бугун ўзбекистонликлар кўнгли тусаган йўналишни — денгиз бўйидаги ҳордиқни ҳам, тарихий шаҳарлару, табиат ёки зиёрат туризмини ҳам танлай олади. Танлов бор. Эркинлик бор. Имконият бор.
Доим дунёга очиқ бўлайлик, дунё ҳам бизга очиқ бўлсин. Ишончимиз комил, саёҳатга чиқадиган юртдошларимиз сони ҳали бундан-да кўп бўлади!
