Ўзбекистонлик мутахассислар ажриқ илдизидан қаҳва олишни ўзлаштирди. У саратонга даво бўлиши мумкин. Аммо...
Ўзбекистонлик мутахассислар ажриқ илдизидан қаҳва олишни ўзлаштирди. У саратонга даво бўлиши мумкин. Аммо ушбу инновацион ғояни амалга ошириш учун маблағ йўқ. Шу боис лойиҳа муаллифлари мана уч ойдан бери ҳали у эшикка, ҳали бу эшикка бош суқиш билан овора-ю сарсон. Ушбу инновацион ғоя муаллифлари билан суҳбатимиз ҳам ана шу мавзуда бўлди.
Аслида юртимиздаги ҳар бир гиёҳда фойдали хусусият бор. Ҳаттоки ёввойисида ҳам, дейди Чиноз тумани Экодунё фермер хўжалиги раҳбари Дилноза Йўлдошева. Маълумки, ажриқ қишлоқ хўжалигига катта зарар етказувчи ёввойи ўт ҳисобланади. Деҳқон ва фермерларимизни қийнаётган муаммолардан бири ҳам айнан экин майдонларини ажриқдан халос қилиш, десак янглишмаган бўламиз. Аммо ушбу зарарли ўсимликдан ҳам фойдали маҳсулот олиш мумкин.
Ажриқ томиридан олинадиган қаҳва шифобахш хусусияти билан эътиборли, дейди ушбу ғоя муаллифларидан яна бири Гулжаҳон Мавлонова. Уни ҳар қандай ёшда истеъмол қилиш мумкин. Таркибидаги табиий моддалар қувватбахшдир. Буюк аллома Ибн Сино айтганларидек, дори овқатдай бўлиши керак, овқат доридай. Ажриқ томиридан олинадиган қаҳва эса айни шу таърифга мос. Касбим табиблиги боис, ўсимликларга эътиборим, меҳрим бўлакча. Ҳар қандай зарарли ўтда ҳам бир фойдали жиҳат кўраман.
Ўсимликшунос фермер аёлларнинг фикрича, ажриқ илдизи одам организми учун фойдали. У ҳатто саратонни даволаши ҳам мумкин! Боиси ажриқда яшовчанлик хусусияти ўта кучли.
Кўп кузатганмиз, ажриқ сувсиз ерларда, чўлларда, ҳатто бетонлар орасини ёриб чиқиб ҳам ўсиб чиқади ва тез кўпаяди. Унда ҳаётга ташналик кучли. Ажриқ илдизини териб олиш, тозалаб қуритиш, ундан қаҳва тайёрлаш эса оддий жараён эмас. Боиси илдизлар ноябрь феврал ойлар оралиғида ердан қазиб олиниши керак бўлади. Бунинг учун ишчи кучи, асбоб-ускуна ва маблағ зарур , - дейди фермер.
Шу кунларда фермерлар мана шу инновацион лойиҳани амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ушбу турдаги қаҳва текширилиб, истеъмолга яроқли, деб тасдиқланди. Энди Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан маблағ ажратилса бас. Аммо вақт ўтиб бормоқда. Негаки, февраль ойининг ўнинчи санасига қадар ажриқ илдизлари териб олиниши керак.
Лойиҳамиз Инновацион ривожланиш вазирлигига жуда маъқул келди дейди Д. Йўлдошева. Ҳатто бу лойиҳани пойтахтда ҳам синаб кўриш таклифи берилди. Аммо биз бунга ҳозирча тайёр эмасмиз. Нега деганда, бизнинг асосий мақсадимиз чекка ҳудудларда ҳам иш ўринлари яратиш. Ер билан тиллашишда қишлоқдагиларга тенг келадигани йўқ. Аммо бизга хомашё ва ишчиларга ҳақ тўлашимиз учун маблағ керак. Агар биз зарур миқдордаги маблағга эга бўлсак, нафақат янгилик яратган, иш ўринлари ташкил этган, балки деҳқон ва фермерларимизга ҳам катта фойда келтирган бўлар эдик. Чинозда 2.5 минг гектар ер ажриқ босиб ётибди. Республикамизда эса бундай экин майдонлари жуда кўп. Фақат илдизларни ноябрь февраль ойлари оралиғида ажриқ ниш урмасдан териб олиниши керак. Кўкаришга улгурган ажриқ илдизидан эса қаҳва тайёрлаб бўлмайди...
Яна бир масала. Янги ноанъанавий маҳсулот истеъмолчиларга қанчалик маъқул тушади. Уни оммавийлашишига ишонч борми? Мутахассисларнинг фикрича, лойиҳанинг бу жиҳати ҳам эътибордан четда қолдирилмаган.
Ажриқ илдизидан тайёрланадиган қаҳванинг тез фурсатда одамлар эътиборига тортмаслиги мумкин, дейди Г. Мавлонова. Биз, бундан асло хавотирга тушаётганимиз йўқ. Маҳсулот таркибидаги моддалар инсон саломатлигига мутлақо зарарсиз, аксинча, фойдали эканлигини тушинтириб, буни илмий жиҳатдан исботлаб беришга ҳаракат қиламиз. Эҳтимол бу бироз вақт талаб қилар. Бироқ ишонамизки, халқимиз бунга асло бефарқ қарамайди. Қолаверса, табиий маҳсулотга ҳар жойда эҳтиёж бўлади. Натижалар кутилганидек бўлса, ушбу маҳсулотимизни кейинчалик экспорт қилишни режа қилганмиз. Яна бир жиҳати бор. Табиий маҳсулот, албатта, қиммат бўлади. Аҳолига янада қулай бўлиши учун бунинг ҳам сарҳисобини олганмиз. Масалан, бир грамм ажриқ илдизидан олинган маҳсулотдан икки финжон қаҳва тайёрласа бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки таннарх унча қиммат бўлмайди.
Ажриқ илдизидан қаҳва олиш ягона инновациямиз эмас. Биз яна кўплаб табиий маҳсулотлар етиштиришни режалаштирганмиз, дея сўзида давом этди Д. Йўлдошева. Аммо ҳамма нарса маблағга бориб тақалганда ишимиз тўхтаб қолмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлигига тинимсиз қатнамоқдамиз. Ҳали тайинли жавоб олганимизча йўқ. Агар ой охиригача маблағ олишга улгурсак, қиш тугагунча ҳеч бўлмаганда 100 гектар майдондан ажриқ илдизларини бериб олган бўлардик.
Ажриқ илдизидан кофе тайёрлашни ўзлаштирилишини чиндан ҳам катта воқеа сифатида баҳолаш мумкин. Бу лойиҳани амалга ошиши орқали нафақат қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг сифати яхшиланади (юртимизда ажриқ босган майдон камми), балки инсон саломатлиги, иқтисодиёт учун ҳам катта фойда келтириши мумкин. Яъни одамларнинг бандлиги таъминланади, мавсумий иш ўринлари очилади. Энг муҳими, келгусида маҳсулотлар жаҳон бозорига чиқса, экспортдан валюта келиб тушади. Лекин афсуски, мазкур ғояни амалга ошириш чўзилиб кетмоқда. Негаки, уни ҳаётга татбиқ этиш учун зарур маблағ йўқ. Шу боис ғоя муаллифлари мана уч ойдан бери ҳали у эшикка, ҳали бу эшикка бош суқиш билан овора-ю сарсон. Шундай экан мазкур масалага Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ижобий ечим топади, деган умиддамиз. Халқ сўзи мазкур мавзуга яна қайтади...
Фазлиддин АБИЛОВ,
Юлдуз ЎРМОНОВА,
Халқ сўзи мухбирлари.
