Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоамиз боксчиларимиз талқинида!
Айни кунларда футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Ҳа, биз орзиқиб кутган мундиалдаги иштирокимизни ҳозирги авлод футболчилари рўёбга чиқаришди. 18 июнь куни миллий терма жамоамиз Колумбияга қарши майдонга чиқади.
Шу ўринда биз мухлисларга футбол бўйича миллий терма жамоамиз вакилларини қайси боксчиларимизга ўхшатган бўлардингиз, деган савол билан мурожаат қиламиз. Ижтимоий тармоқларимизда бемалол фикрларингизни билдиришингиз мумкин. Бизнинг вариант эса қуйидагича, 4-3-3 тактикасини танладик.
Демак, бошладик...
Дарвозага Баҳодир Жалолов (Ўткир Юсупов)
- Икки карра Олимпиада чемпиони бўлган боксчимизнинг бу позицияни эгаллаши барчага тушунарлики, дарвозабонларнинг энг муҳим жиҳати бу бўйининг баландлигида... Асосан жарима зарбалари, бурчак тўпларида бу жиҳат жуда асқотади. Қолаверса, юртдошимиз ўзининг “жеб” зарбалари орқали деярли рақибини ёнига йўлатмайди. Бу ўзига хос ҳимояланиш хусусияти яхши ривожланганлигидан далолатдир. Дарвозабоннинг асосий вазифаси эса, барчага маълум. Юсупов эса, бу борада беназир ҳисобланади.
Ўнг қанот ҳимоячиси, Абдумалик Ҳалоков (Ҳожиакбар Алижонов)
- Маълумки, Ҳожиакбар ҳужумга қўшилиш, ҳимояланиш борасида имкониятлари юқори, бир сўз билан айтганда техникаси ажойиб кўриниш олган ҳимоячи. Абдумаликни ҳам қандай “уклон”лар билан ҳимояланиши ва тезкорлигини яхши биласиз. Қолаверса, у терма жамоамиздаги энг техникаси юқори боксчи саналади. Шундан келиб чиқиб, бу чизиққа Ҳалоковни қўйишга қарор қилдик.
Чап қанот ҳимоячиси, Акмалжон Исроилов (Фарруҳ Сайфиев)
- Бу боксчимиз ҳам жуда меҳнатсеварлиги, ўзининг устида кўп ишлаши натижасида ушбу даражага етиб келди. Фарруҳ терма жамоадаги энг кўп югурадиган ва тўхташ нелигини билмайдиган футболчи десак янглишмаган бўламиз. Акмалжон Исроилов ҳам худди шундай ва у рингга чиққанидан сўнг уни тўхтатишни имконини қилиш, рақиблар учун жуда қийинчилик туғдиради.
Марказий ҳимоячи, Исроил Мадримов (Абдуқодир Ҳусанов)
- Бу чизиқда шубҳасиз, ҳимояланиш хусусияти мукаммал бўлиши лозим. Мадримовда эса, бу жуда яхши ривожланган. Қолаверса, Абдуқодир футболчиларимиз сафида жаҳон ОАВ орасида энг кўп тилга олинаётган бўлса, Исроил Мадримов эса боксчиларимиз орасида жаҳон матбуоти ва мутахассисларни эътиборини энг кўп тортаётгани десак, муболаға бўлмайди. Қисқаси биз шу вариантда тўхтадик.
Марказий ҳимоячи, Бектемир Мелиқўзиев (Рустам Ашурматов)
- Бу жойга бироз ўйланишга мажбур бўлдик. Бектемирни ҳимоявий жанг кўрсатади деб ўйламайман. Шундай бўлса-да, бу чизиқда яккакурашларда ғолиб чиқа оладиган, габарит жиҳатидан мукаммал бўлиши кераклигини инобатга олиб, ушбу вариантини танладик. Рустам ҳам яккакурашларда кўп бора ғолиб чиққанига гувоҳ бўлганмиз ва унда ҳам яхшигина зарба бор.
Таянч ярим ҳимоячи, Тўрабек Ҳабибуллаев (Отабек Шукуров)
- Бу чизиқ эгасининг кардиоси мукаммал ва жисмонан бақувват бўлиши керак бўлади. Бу хусусиятлар Тўрабек Ҳабибуллаевда ажойиб шаклланган. Шунинг учун мазкур вариантга уни мос тушади, деб ўйладик. Қолаверса, ҳар иккисида кутилмаган қақшатқич зарбалар мавжуд. Бунга Тўрабекнинг нокаутли ғлабалари ва Шукуровнинг узоқ масофадан урган голлари яққол мисол бўла олади.
Ярим ҳимоячи, Асадхўжа Мўйдинхўжаев (Одил Ҳамробеков)
- Шубҳасиз, ҳар иккисининг майдонни ва рингни хис қилиши ва кўра билиши жиҳатидан ўхшашлик мавжуд. Қолаверса, Асадхўжа Ҳамробеков сингари жуда кўп “меҳнат қилади. Ҳа, бу борада бир-бирига зид келувчи жиҳатлар ҳам мавжуд. Яъни Асадхўжа техникаси юқори бўлган боксчи саналса, Ҳамробеков бу борада камтарроқ. Аммо, уларни бирлаштириб турувчи энг асосий омил, юқорида айтиб ўтганимдек, жуда меҳнаткашлиги ва ўз устида ишлашдан тўхтамаслигида, бу мезон танловимизнинг асосий сабаби бўлди.
Ярим ҳимоячи, Шаҳрам Ғиёсов (Жалолиддин Машарипов)
- Уларни ўзаро боғлаб турадиган жиҳати универсаллигида десак бўлади. Жалол марказда, қанотда, ҳужумда ҳам бирдек фойдали... Шаҳрам ҳам ақлли жанг ўтказади. Вазиятга қараб, тактикаларни алмаштира олади. Қолаверса, ҳар иккисида ҳам ажойиб зарбалар бор. Фарқи биттаси оёқда зарба берса, иккинчиси мушт билан йўллайди. :)
Чап қанот ҳужумчиси, Муроджон Аҳмадалиев (Остон Ўрунов)
- Уларнинг ўзаро ўхшашлик жиҳатларидан бири, универсал зарбачилардан эканлиги десак бўлади. Муроджон асосий зарбани чап қўлда йўлласа-да, ўнг қўли ҳам чапидан асло қолишмайди. Остон ҳам ҳар икки оёғида бирдек зарба йўллашга қодир. Қолаверса, уларнинг ўйланган зарбаларининг аксарияти ижобий натижа, яъни ГОЛ ва нокаут билан якунланишини инобатга олиб, шу қарорни тўғри деб ўйладик.
Ўнг қанот ҳужумчиси, Ҳасанбой Дўсматов (Аббос Файзуллаев)
- Файзуллаевнинг энг катта ютуғи дея, унинг тезкорлиги ва техникаси юқорилигини айтишимиз мумкин. Бу даражага ким мос тушиши мумкин? Албатта, Ҳасанбой Дўсматов (ҳар ҳолда, биз шундай ўйладик)! Ҳар иккисида бу жиҳатлар уйғунлиги мавжуд. Шунингдек, уларнинг бўй-басти ҳам ўхшаш,нима дедингиз?
Марказий ҳужумчи, Фазлиддин Ғойибназаров (Элдор Шомуродов)
- Ҳа уларнинг энг уйғун жиҳати бу улкан тажрибада эканлиги, десак адашмаймиз. Шунингдек, Фазлиддин фаолияти мобайнида “Эль капитано” номини олган ва унда етакчилик хусусияти мавжуд эканлиги сир эмас. “Шома” ҳам жамоанинг сардори ва етакчиси. Шундай экан, уларнинг мазкур бирлаштириб турувчи жиҳатларини инобатга олган ҳолда, ушбу вариант энг тўғриси деб билдик.
Мураббий, Тўлқин Қиличев (Фабио Каннаваро)
- Бу ерга бошқа вариант бўлмаса керак. Фақат, Каннаварони қўлига “сеҳрли арғамчи” бериш керак холос.
Шунингдек, заҳирада Жавоҳир Умматалиев ( Акмал Мозговой), Фазлиддин Эркинбоев (Игорь Сергеев), ( Жаҳонгир Зокиров (Умарбек Эшмуроов) лар ҳам бор.
Албатта, бу ўзига хос ўхшатиш бўлса-да, замирида бир оз ҳақиқат бор. Уларнинг майдон ва рингдаги ҳаракатлари, услублари, меҳнаткашлиги ва яна бир қатор хусусиятлари бунга мисол бўла олади ва шундан келиб чиққан ҳолда, уларни уйғун тарзда чизиқларга қўйишга ҳаракат қилдик. Шу ўринда бу шахсий қарашларимиз маҳсули эканлигини тўғри тушунасиз.Ўз ўрнида эса, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоамизга Ўзбекистон бокс федерацияси ва барча боксчилар оиласи номидан омад ва зафарлар тилаймиз. Олға Ўзбекистон!
