Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади — қонун қабул қилинди
15 ноябрь куни президент Шавкат Мизиёев имзолаган қонун билан Ўзбекистон суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига, хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек, давлатлараро ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонга киритилмайди, агар Ўзбекистонда бўлса депорт қилинади.
Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади (Улар Ўзбекистонда ҳудудидаги ўз мулкини сотиши ёки ҳадя қилиши мумкин).
Агар рўйхатга киритилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистонда турган ёки вақтинча яшаётган бўлса, унга мамлакатдан чиқиб кетиши учун 10 кунлик муҳлат берилади. Ушбу шахс белгиланган муддат ичида Ўзбекистондан чиқиб кетмаса ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда депортация қилинади.
Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни рўйхатга киритиш Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Сенати Кенгашининг, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси 1 ой ичида Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет элликлар рўйхатини юритиш бўйича тартиб ишлаб чиқади. Рўйхатни Ташқи ишлар вазирлиги юритади.