Францияда фермерлар иш ташлади
Франция фермерлари ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сиёсатига, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатлари ўртасидаги «МЕРКОСУР» савдо келишувига қарши норозилик сифатида яна иш ташлашни режалаштирмоқда.
Ўтган дам олиш кунларидан буён Уаза департаменти фермерлари бир қанча йўлларни тўсишга ҳаракат қилишди.
Эссон департаменти, шунингдек, маҳаллий норозилик намойишларида Сакле, Юлис, Этап, Мориньи-Шампиньи ва Оверно фермерлари ҳам иштирок этишини эълон қилди.
Эссон префектурасининг хабар беришича, якшанба куни соат 17:00 дан бошлаб RN118 йўлида Париж йўналишида ҳаракат тўхтатилган.
Иш ташлаш ташкилотчиларидан бири FNSEA касаба уюшмаси Францияга хорижий маҳсулотлар импортига қарши. Якшанба куни FNSEA президенти Арно Руссо маҳаллий ОАВга Франциянинг 80 департаментида 82 та норозилик намойиши режалаштирилганини айтди.
“Иш ташлаш декабрь ойининг ўрталарига қадар давом этади, бироқ янги йилгача эмас. Француз тастурхонида бизнинг маҳсулотларимиз бўлади. Биз французларни қишлоқ хўжалигидаги фавқулодда вазиятни гувоҳи бўлишга таклиф қилишимиз керак”, — деди касаба уюшмаси вакили.
Жума куни ҳукумат фермерларга кредит бериш шартларини белгилаб берди."Мен қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан ва йил бошида норозилик билдирган фермерларга берилган барча ваъдалар амалга ошади", – деб ишонтирди бош вазир Мишель Барнье. У, шунингдек, Европа Иттифоқининг МЕРКОСУР давлатлари билан тузилган савдо битимига рози эмаслигини айтди.
Ўз навбатида, Франция ички ишлар вазири Бруно Ретейло қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарларини қабул қилиб, уларни “учта чеклов”дан огоҳлантирди: мулк ва одамларга ҳужум қилмаслик, йўлларни тўсиб қуймаслик.