Ўзбекистонда 130 дан ортиқ зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш марказлари (шелтерлар) ташкил этилди

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш марказлари (шелтерлар) ташкил этилди

Республика бўйлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида 130 дан ортиқ зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари (шелтерлар) ташкил этилди, деб хабар беради ЎзА.

Ушбу марказлар Ўзбекистон Президентининг «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил қилинди.

Унда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш каби ишлар амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, Хотин-қизлар қўмитаси тизимида зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш учун мўлжалланган республика доирасида ягона қисқа рақамли «1146» «ишонч телефони» ишга туширилди. Бунда мурожаатчи истагига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланиши кафолатланади.

Хотин-қизлар қўмитаси келгусида мазкур марказлар қошида Коворкинг марказларни ташкил этишни ҳам кўзда тутмоқда. Унда оғир вазиятга тушиб қолган аёлларни касбга ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари ҳам амалга оширилади.

Ҳудудий марказларга методик ёрдам кўрсатиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Республика маркази ҳам ташкил этилди ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!