Ўзбекистон ва яна 12 та федерация УЕФА раҳбари Чефериннинг танқидига жавобан баёнот берди
ЖЧ-2026 иштирокчиси ҳисобланган 13 та мамлакат футбол федерацияси УЕФА президенти Александер Чефериннинг турнир кенгайтирилиши борасидаги танқидий фикрларига жавобан қўшма баёнот берди.
Бундан аввалроқ функционер Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонининг кўпайтирилиши қизиқарли бўлмаган ўйинларни юзага келтиришини таъкидлаган эди.
Ушбу қўшма баёнотни Кабо-Верде, Кюрасао, Ўзбекистон, Конго ДР, Гаити, Жазоир, Тунис, Марокаш, Миср, Гана, Сенегал, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ва Кот-д'Ивуар футбол федерациялари имзолади.
«Ҳар бир саралаш босқичи замирида йиллар давомида қилинган меҳнат ва киритилган инвестициялар ётибди. Ҳар бир миллий терма жамоа ортида футболни фахр, умид ва бирдамлик манбаи деб биладиган бутун бошли жамиятлар ва миллионлаб инсонлар турибди. Футбол фақатгина танлаб олинган муайян миллатлар гуруҳига тегишли эмас. Унинг кучи — универсаллигида (ҳамма учунлигида)», — дейилади баёнотда.
Хабарда алоҳида таъкидланишича, кўплаб мамлакатлар учун Жаҳон чемпионатидаги иштирок нафақат спортдаги ютуқ, балки бутун бир авлодни руҳлантирадиган тарихий лаҳзадир.
«Ҳар бир жамоа бу ердан ўз ҳақ-ҳуқуқи билан жой олди. Ҳар бир мухлис орзу қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир учрашув бутун дунёдаги миллионлаб одамлар учун муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, биз УЕФА президентининг фикрларини инкор этамиз ва футболнинг ривожланиши ўйиннинг ҳақиқий глобал характерини мустаҳкамлаган ҳолда давом этиши кераклигига бўлган ишончимизни қайта тасдиқлаймиз», — дея қайд этилган баёнот матнида.
2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Турнир тарихида илк бор унда 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда.
