Ўзбекистон ва Корея ўртасида 6,6 млн долларлик грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди

Ўзбекистон ва Корея ўртасида 6,6 млн долларлик грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди

Жанубий Кореяда Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги вакиллари билан Корея Республикаси атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) вакиллари ўртасида Жиззах вилоятида тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш ва полигонлардан чиқаётган газларни ушлаб қолувчи объектларни қуриш лойиҳаси доирасида дастлабки истиқболлар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот доирасида Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги Корея Республикаси атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти билан қиймати 6,6 миллион доллар миқдоридаги грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзолади.

Шунингдек, учрашувда тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш ва полигонлардан чиқаётган газларни ушлаб қолувчи объектларни қуриш лойиҳаси доирасида Жанубий кореялик мутахассислар ушбу лойиҳанинг аҳамияти ва самарадорлиги тўғрисида атрофлича маълумот беришди.

Қайд этиш жоизки, лойиҳа доирасида 500 кВт-1 МВт қувватига тенг чиқинди полигонларидан чиқаётган газларни йиғиш иншоотини қуриш, 500 кВт-1 МВт қувватга эга электр станциясига уланиши мумкин бўлган чиқинди газ йиғиш тизимини барпо этиш, кунига 5-10 тонна тиббиёт чиқиндиларни ёқиш иншоотини ўрнатиш, моддий техник базани мустаҳкамлаш мақсадида махсус техникалар ва бошқа қурилмалар харид қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, 6 та чиқиндиларни қайта юклаш станциясини қуриш, 5 та янги полигон қуриш ҳамда янги қурилган полигонларга тиббиёт чиқиндиларни ёқиш усули билан йўқ қилиш ускунаси, компост қилиш ускунаси, контейнерлар ва махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.

Учрашувда, шунингдек, келгусида KEITIнинг Тошкентдаги офисини очиш истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур офис бутун Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий марказ сифатида хизмат қилади.

Мулоқот якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш юзасидан келишиб олдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!