Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг кийим-кечак дизайнига ихтисослашган ОТМлари ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг кийим-кечак дизайнига ихтисослашган ОТМлари ҳамкорлик қилади

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти (ТТЕСИ) ҳамда Ҳиндистон Енгил саноат вазирлиги ҳузуридаги Мода технологиялари миллий институти (National Institute of Fashion Technology - NIFT) вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Онлайн учрашувда Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёш йигит-қизларнинг замонавий талаблар даражасида таълим олиши учун яратилаётган қулай имкониятлар, бозорда талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган янги олий ўқув юртлари фаолияти йўлга қўйилаётгани, бу соҳадаги халқаро ҳамкорлик янги даражага кўтарилгани ҳақида маълумот тақдим этилди.

ТТЕСИ биринчи проректори Улуғбек Абдуллаев институт фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида сўзлаб бериб, ҳамкорликнинг истиқболли жиҳатларига эътибор қаратди. NIFT билан малакали ёш кадрларни тарбиялашда биргаликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар тақдим қилинди.

NIFT ўқув ишлар бўйича декани Судҳа Дингра мазкур олий ўқув маскани тўқимачилик ва мода саноати учун етук мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, қўшма лойиҳалар амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

Мулоқот чоғида ўзбекистонлик талабалар учун ўқув курслари ташкил этиш, таълим жараёнига илғор ва замонавий технологиялар жорий қилиш, талаба ва ўқитувчилар алмашув дастурларини уюштириш ва бошқа тадбирлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Икки олий ўқув юрти ўртасида Англашув меморандуми имзолашга келишиб олинди.

Мода технологиялари миллий институти 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакат тўқимачилик ва тикувчилик саноатини профессионал кадрлар билан таъминлашда етакчи мавқега эга. 2006 йилда Ҳиндистон парламенти қарори билан NIFT расмий таълим муассасаси мақомига эга бўлган ва бутун мамлакат бўйлаб ўз кампусларига эга.

Институт мода, дизайн, технология ва менежмент бўйича энг юқори стандартлар бўйича ўқув дастурларини таклиф этади ва талабаларни миллий анъаналардан илҳом олишга ундайди ҳамда шу билан бирга саноат учун тегишли бўлган илғор глобал тенденцияларга эътибор қаратади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!