«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвони таъсис этилади
Жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилмоқда.
«Сўнгги йиллардаги очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишлари, технологиялар ва энергия бозорларидаги трансформациялар ташқи сиёсатимиздан янада фаол, аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб этмоқда»,
– деди Президентимиз.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
«Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим»,
– деди давлатимиз раҳбари.
Ишларни самарали ташкил қилиш учун элчихоналарнинг ҳар бирига йилига қўшимча 100–200 минг доллардан маблағ берилиши белгиланди. Дипломатларимизнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
