Ўзбекистон—Қатар учрашувида мадҳия ўрнига реклама кўрсатилгани юзасидан изоҳ берилди
Кеча, 14 ноябрь куни Қатар—Ўзбекистон учрашуви бошланиши олдидан Ўзбекистон мадҳияси эфирга узатилмай, ўрнига реклама кўрсатилди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Спорт TV канали бош директори Зоҳид Каримов ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.
“Шунча тайёргарлик, шунча ҳаракат қилиб давлат мадҳиясига келганда атайин кесмаймиз-ку!?
Биз кетма-кет ўйинларни кўрсатмоқдамиз. Ундан олдин бошланган ўйин қўшиб берилган вақт ҳисобига кеч тугади. Бу ўйинга ўтгунча шартнома бўйича рекламаларимиз бор эди. Шу режа бўйича иш олиб борилаётганда, мадҳия бошланиб қолди. Эфирга мадҳиянинг ўртасидан ўтиш нотўғри ҳисобланиб, тугаши кутилди.
Ўйинни чиройли тарзда трансляция қилиш учун барча имкониятни яратишга ҳаракат қилдик. Энг ишонган, тажрибали шарҳловчиларга майдондан шарҳлаш имконини бердик.
Менинг ҳам айбим бор, шарҳловчилар овозини эфирга улаш билан банд бўлиб, эътибор бера олмай қолдим”, дейди Зоҳид Каримов “Дарё” мухбири билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашув 3:2 ҳисобида Қатар жамоаси фойдасига ҳал бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мағлубиятдан сўнг ҳам турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Жамоа кейинги турни Шимолий Кореяга қарши 19 ноябрь куни ўтказади.