Илон Маск Эроннинг БМТдаги доимий вакили билан учрашди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга яқинлиги билан танилган америкалик тадбиркор Илон Маск Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний билан учрашди.
Бу ҳақда The New York Times Эрон расмийларига таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, учрашув Нью-Йоркда махфий шароитда бўлиб ўтган ва бир соатдан ортиқ давом этган.
Учрашувнинг асосий мавзуси Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинликни камайтириш йўлларини муҳокама қилиш бўлди. Эрон томони учрашувни “ижобий” ва “рағбатлантирувчи” деб баҳолади.
Трамп вакиллари учрашув ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Таҳлилчилар фикрича, Эрон янги маъмурият билан дипломатик мулоқот қилиш имкониятини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
"Асосан, Трамп билан ҳамма нарса мумкин", деди Али Ваез, Халқаро инқироз гуруҳининг (ICG) Эрон директори газетага. Унинг фикрича, Трамп “Эрон билан келишувга эришишдан манфаатдор кўринади”. Бироқ экспертнинг қайд этишича, айрим маслаҳатчилар бошқа ёндашувларни, жумладан Теҳронга босимни кучайтиришни афзал кўришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп дунёнинг энг бой одами Илон Маскни ҳукумат самарадорлиги бўйича янги департамент ҳамраиси этиб тайинлаш ниятида эканлигини маълум қилган эди.