Ўзбекистон Эрон билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Ўзбекистон Эрон билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Эроннинг етакчи «Iran News» газетасида «Ўзбекистон Эрон билан туризм соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда 17-Теҳрон халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиш учун Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги вакилларидан иборат делегацияси қатнашгани маълум қилинган. Ўзбекистон делегацияси Теҳронга сафари давомида республиканинг Эрондаги элчихонасида ўзбек халқининг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев тақдимотдаги нутқида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Иброҳим Раисий ўртасидаги учрашувлардан сўнг янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

«Ушбу кўргазма давомида юртимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, бетакрор гўзаллиги, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ортга қайтмас кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз президенти раҳбарлигида юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда», — дея Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган босма нашри.

Мақолада, шунингдек, тақдимотда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев сўзга чиққани ва икки мамлакат ўртасида сайёҳликни ривожлантириш, туристлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича истиқболдаги вазифалар бўйича режалар билан ўртоқлашгани қайд этилган.

«Тадбирда Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш ва бу соҳада бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган бир қатор муҳим чора-тадбирлар ҳамда янгидан барпо этилаётган замонавий инфратузилма ҳақида ҳам маълумот берилди», — деб ёзган «Iran News».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!