Ўзбекистон экспортида янги бозорлар ҳақида маълумот берилди
2024 йилнинг 3-чорагида Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада, АҚШ, Таиланд, Австралия каби мамлакатларда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатларга бўлган талаб юқори бўлган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти тадқиқоти натижаларига кўра, ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятлари яхши имкониятларга эга бўлиб, қайд этилган мамлакатларга экспортни доимий равишда йўлга қўйиш мазкур ҳудудларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади.
Ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола ва тери маҳсулотларига бўлган талаб эса АҚШ, Франция ва Индонезия давлатларида юқори эканлиги аниқланди. Ушбу товарларни экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган Наманган, Қашқадарё, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси тадбиркорларида мазкур бозорларга чиқиш имкониятлари мавжуд.
Ўзбекистон ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, ун ва крахмал маҳсулотларини экспорт қилишда ҳам нисбий устунликка эга бўлиб, мазкур маҳсулотларга асосан АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Ҳиндистон, Канада, Корея Республикаси давлатларида талаб юқори. Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни нисбатан пастроқ харажатлар эвазига экспорт қилиши мумкин.
Канада, Франция, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, БАА ва Хитой каби мамлакатлардаги кўпгина буюртмачиларга эса Ўзбекистоннинг қимматбаҳо тошлари ва металлар, рух ва мис маҳсулотлари зарур эканлиги аниқланди.
Институт ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга тавсия этади.