Давлат хизматларидан фойдаланиш янада осонлашади
“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (847-сон, 18.12.2024 й.) қабул қилинди
🔰Қарорга кўра, 5 турдаги давлат хизматлари проактив тарзда ҳамда 6 турдаги давлат хизматлари композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
📌Бунда:
✅ Қуйидаги давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда:
🔹 электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
🔹 табиий газни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
🔹 ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
🔹 иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
🔹 хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш.
❕Проактив давлат хизмати – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматлари.
☑️ Шунингдек, қуйидаги давлат хизматларини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда:
🔸кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
🔸 кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ва ушбу манзилга вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
🔸 давлатга тегишли бино ёки иншоотни бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;
🔸 “E-auksion” электрон савдо платформасида кўчмас мулк объектларини сотиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
🔸 тиббий фаолият учун лицензия билан бирга рентген ускунасидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш;
🔸 хавфли юкларни ташиш учун сиғимларнинг яроқлилиги тўғрисида хулоса билан бирга ядровий ва радиоактив материаллар, радиация манбалари, радиоактив чиқиндилар ва қурилмаларни ташиш шартлари ва усулларининг санитария қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш.
❕Композит давлат хизмати – жисмоний ва юридик шахсларнинг битта мурожаати асосида ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган икки ва ундан ортиқ давлат хизматлари мажмуаси.
📋Бундан ташқари, қуйидаги 2 турдаги рухсат этиш хусусиятига эга давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди:
➖махсус киритиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик воситалар ва материаллар полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотини (БАД) олиб кириш ҳамда ишлаб чиқариш учун рухсатнома;
➖маданий бойликларни Ўзбекистондан олиб чиқиш ёки вақтинча олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш.
📝 Қуйидаги 3 турдаги фаолият турларини хабардор этишни назарда тутувчи давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди:
▪️божхона брокери фаолияти;
▪️халқаро куръерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолият;
▪️нодавлат архивларни ташкил этиш бўйича фаолият.
⚠️Шу муносабат билан, белгиланган нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этишга доир ортиқча тартиблар бекор қилинди.