Ўрмон экотуризмига сайёҳлар нега қизиқмоқда?

Ўрмон экотуризмига сайёҳлар нега қизиқмоқда?

ТУРИЗМ. Маълумотларга кўра, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғига жорий мавсумда қарийб 6 минг сайёҳ ташриф буюрган.

Мамлакатимиз умумий ер майдонининг 25 фоиздан ортиғини ташкил этувчи ўрмон ерлари юртимизнинг бой, хилма-хил наботот ва ҳайвонот дунёсини асраш, шунингдек, атмосферамиз мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Боиси, мамлакатимиз ўрмон фондининг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари “Қизил китоб“га киритилган бўлиб, уларни асраб қолишда ўрмонларнинг ўрни беқиёс. Шунингдек, 1 гектар ўрмон йилига ҳавони 60-70 тоннагача чанг ва ғубордан тозалашини инобатга олсак, унинг атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятининг нечоғлик катта эканини кўриш мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, ўрмонлар экологик мувозанатни бир меъёрда сақлаб, атрофни узлуксиз тоза ҳаво билан таъминлайди. Шу билан бирга, қум барханлари кўчиши, сув ва шамол эрозиясининг олдини олиб, дарё ва бошқа сув ўзанлари қирғоқларини мустаҳкамлаб туради.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ўрмончилигини янада ривожлантириш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга эътибор кучайтирилди. Пировардида, соҳада янги йўналиш – экологик туризм жадал тараққий эта бошлади. Буни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Давлат қўриқхоналари, табиат миллий боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тизимидаги Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи мисолида ҳам кўриш мумкин.

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари тоғли ҳудудларида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони қарийб 575 минг гектарни ташкил этади. Боғнинг ўзига хос иқлими, тоғлари, адирлик ва ўрмонзорлари, музликлари, катта-кичик жилға, сой ва дарёлари, кўл ва шаршаралари, бир сўз билан айтганда, гўзал ва бетакрор табиати ҳар қандай кишини ўзига ром этади. Боғ ҳудудида қирқбўғин, наъматак, райҳон, қизил дўлана, кийик ўти каби кўплаб доривор гиёҳлар ўсади. Ўсимликларнинг 1 минг 800 га яқин, ҳайвон ва паррандаларнинг 230 тури учрайди. Шундан 70 дан ортиқ ўсимлик ва 40 га яқин жониворлар “Қизил китоб“га киритилган.

Боғ ҳудудида малакали мутахассислар томонидан ўрмонларни барпо этиш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва қўриқлаш, кўчатчилик, дарахт ва бута уруғларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, доривор ўсимликларни парваришлаш, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан бир қаторда, экотуризмни ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, боғнинг наботот ва ҳайвонот оламига ташқи таъсирлар бўлмаслиги инобатга олинган ҳолда, ҳудуд бўйлаб бир нечта сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилди. Сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида мавсумий чодирлар шаҳарчаси, сой бўйларида махсус супалар барпо этилди. Шунингдек, боғ маъмурияти томонидан миллий боғ ҳудудидаги 6 та табиий ва 3 та тарихий объект рўйхати тузилиб, ушбу объектларга табиат ёдгорликлари мақоми берилди.

Маълумотларга кўра, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғига жорий мавсумда қарийб 6 минг сайёҳ ташриф буюрган. Эътиборли жиҳати, боғ ҳудуди бўйлаб экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани келгусида сайёҳлар оқимининг ошишини таъминлаши шубҳасиз.   
Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!