“Умар” сериали ҳақида ёхуд саҳобалар ролини ижро этиб бўлмайдими?

“Умар” сериали ҳақида ёхуд саҳобалар ролини ижро этиб бўлмайдими?

"Умар" телесериали кейинги пайтларда омма оғзига тушиб, ҳаддан ошиқ шов-шувга сабаб бўлди, турли оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Қизғин баҳс ва мунозараларни қўзғаган мавзулардан бири саҳобалар ролининг акс эттирилишидир. Бу масала хилофли масалалардан бўлиб, фиқҳий академияларнинг аксари бунга рухсат беришмайди. Шунингдек, аёлларнинг, гарчи тор доирада, иболи кийимда бўлса ҳам ролларда қатнашиши, баъзи тарихий тафсилотлар, рол ижро этувчи актёрларнинг шахсий ҳаётлари (бинобарин, бундай ролларни ўйнашга лойиқ-лойиқ эмасликлари) – кўплаб мунозараларнинг диққат марказида бўлди. 

Ушбу телесериал ишини кузатиш ва баҳолаш қўмитаси (мен бу қўмита аъзоларидан бири эдим) ёзилган сценарийни синчиклаб ўқиб, ундан сўнг ишланаётган телелавҳалар сценарийга нечоғли тўғри келаётганини текширишга эътибор қаратди. 

Телесериал бадиий асарга айланиб, фильм бўлиб чиқа бошлагач, қўмита бу борадаги мунозараларга кўп ҳам эътибор бериб ўтирмади. Негаки, бевосита шариат бошидан ўзгармас, аниқ ва муайян буйруқ келмаган экан, одамлар ихтилофга боришга, ўз фикрларини шариат доирасида билдиришга ҳақлидирлар. Бу хусусда қўмита бошлиғи шайх Қаразовий дунёда бўлаётган ўзгаришларни эътиборга олиб, майдон турли бузуқ ниятли кишилар қўлида қолиб кетмасин деган фикрда илгари ман қилиб келинган (саҳобалар ролини ижро этиб бўлмайди) фикрни ўзгартиришга қарор қилди. Зеро, мазкур такрорланмас авлод (саҳобалар авлоди)га ёвқараш билан қарайдиган ёмон ниятли баъзи кучлар бу борада турли катта-катта сериаллар тарқата бошлаган эди, боз устига, бутун дунёда улғайиб келаётган ёшларга сериаллар, саҳна асарларининг таъсири катта эканлиги барчага аён. 

Бунга қўшимча, шаръий фатво ҳайъатлари, фиқҳий академиялар Туркия, Жанубий Америка ёки Кореядан келаётган кўплаб телесериалларни намойиш этишнинг олдини олиб, ман қила олмадилар, жамиятимиз бундай телесериалларни турли маҳаллий ва хорижий каналлар орқали текширув-назоратсиз, ғалвирдан ўтказмай шундайича қабул қиладиган, ошиқиб истиқбол этадиган тайёр истеъмолчига айланди. 

Воқелигимиз шундай ҳолга келиб қолдики, кино соҳасида иш юритиш истагида бўлган ўткир нигоҳли, уммат ғамини ейдиган қобилиятли ихлосманд кишилар ўзларини четга тортдилар, сармоядорлар ҳам бу майдонга сармоя ётқизишдан тислана бошладилар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидек "Шеър – араблар девони", улар ҳаётини акс эттирувчи кўзгу бўладиган бўлса, саҳна асари – дунё халқлари аксарининг кўзгуси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда, уларнинг ҳаётдаги турли урф-одатларини, муаммо ва камчиликларини ёритиб, турли орзу-умидларни, оғриқ-ташвишларни кўрсатиб бермоқда, кенг аудиторияга намоён этмоқда. 

Фильм шундай бир таъсирли байналмилал тилга айландики, фикрни етказишда, ўзгартиришда, оммавий фикр яратишда унга етадигани йўқ бўлиб қолди. У нафақат овозга, балки барча сезги аъзоларига таянади, инсонга бутун вужуди-ла хитоб этади, бир вақтнинг ўзида кишини ҳам дам олдиради, ҳам ҳиссиётларини жўш урдиради, ҳам таълим беради. 

Хитойликларда шундай мақол бор: "Менга сўзла, ёдимдан чиқиб кетади. Менга кўрсат, эслаб қолишим мумкин. Мени қатнаштир, ёдлаб қоламан". 

Бу ердаги "ёдлаш" фақат мияда сақлаш эмас, балки қалбу ақлга ўйилган белгидирки, ўчириш амримаҳол бўлади. 

Томошабин - фильм иштирокчисидир: барча тафсилотларга беихтиёр қўшилиб кетади, ҳодисаларни лаҳзама-лаҳза бошдан кечиради, кулади, йиғлайди, таъсирланади, ҳиссиёти ортади, баъзан нафратланиб, ғазабланади, баъзан рози бўлади... Шу тарзда ҳар доим фильм ичига сингиб, ўйналаётган роллар олдида эканини бутунлай унутади, ўзини ҳаёт жангоҳининг қоқ ўртасида ҳис этади. 

Томошабин иштирокчидир, бинобарин, бадиий ишнинг муваффақият қозонгани ёки акси, муваффақиятсизликка учраганига баҳо беришга ҳақлидир, ҳатто, ўзининг сермазмун фикрлари, ролларни ўқиш ва уқиш орқали, фильм фалсафасини, кўзлаган мақсад ва олдинга сурган ғояларини чуқур таҳлил қилиш орқали бадиий иш (фильм)ни янада мазмунлироқ, мароқлироқ, жозибалироқ қилишга қодирдир. 

Йигит-қизлар телесериаллар орқали ўзига хос романтик ва бошқа ҳиссиётларга қўшимча, турли саргузаштлар, кутилмаган ишлар учун ўзларида илҳом топмоқдалар, телесериаллар таъсирида ҳаётлари баъзан бутунлай ўзгармоқда. 

Баъзи сериаллар қўйилаётганда турли давлатларда баъзан кўчаларнинг бўм-бўш, кишидан холи бўлиб қолаётгани, телевизорга қадалиб кўз қоқмай ўтирганлар сони миллионлаб бўлиб кетаётгани кўпчиликка маълум... 

"Inception" фильмига кетган харажат 169 миллион доллар экани, унинг ҳозиргача қилган фойдаси 825 миллионга етгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳаёт туш кабидир, деган ғояни фалсафий равишда илгари сурган бу фильм дунёнинг турли ерларида кўрсатилди. 

Шунингдек, "Avatar" фильми ҳам харажати 237 миллион бўлиб, келтирган фойдаси 2 миллиард 700 миллиондан ошиб кетди, ҳозирга қадар энг кўп кўрилган фильмлар қаторида турибди, уч марта Оскар мукофотини қўлга киритди. 

Уганда ҳақида, уруш бошида турганлар ҳақида ҳикоя қилувчи "Kony" ҳужжатли фильмини 500 минг томошабин кўрса ўзини оқлар эди, деб туришган бир пайтда, 2012 йил охирига келиб мазкур фильм 75 миллион томошобинга эга бўлди. 

Дензел Вашингтон, Бред Питт, Том Ҳенкс ва ҳоказо Ҳолливуд юлдузларининг шуҳрати президентлар шуҳратидан ўтиб кетди, Ҳиндистондаги Болливуд кинолари ва юлдузларининг пуллари 100 йил ичида барча сармоялар ичида энг катта сармоя деб эълон қилинди. 

Ишланаётган бадиий ишлар, фильмлар бир жуғрофий ҳудудга чекланмаётир. Ёшларнинг аксарияти ғарб киноларини кўрадиган бўлиб кетишмоқда, телеканаллар ҳам бу борада рақобатлашиб, биринчи намойиш ҳуқуқи ўзларида бўлиши учун беҳисоб пуллар тақдим этишмоқда. Телеканаллар кўплаб томошабин орттириш ниятида кўрсатувлар, киноларни ранг-баранг қилиб юборишган. 

Бир куни интернет сайтларида айланиб, турли фильмлар қўйилган, янги фильмларни реклама қилувчи сайтга кириб қолдим. Йигит-қизларнинг кўрилган, кўрилаётган фильмлар борасидаги таассуротлари, маслаҳатлар, кинони баҳолашдаги фикрларини ўқиб шу нарсага амин бўлдимки, турли телеканалларда, энди эса интернетда қўйилаётган бу қадар беҳисоб фильмлар ёш авлод фикрлаш тарзини, дунёқарашини, табиат-характерларини яратишда, ўзига хос менталитет ҳосил қилишда ўз ишини қилмоқда экан. Уларнинг ўзига хос бир ўзлигини, шахсиятини яратишда бевосита бўлмаса-да, лекин жуда фаол таъсир ўтказар экан, уларга янги урфлар, янги одатлар (баъзилари яхши, баъзилари ёмон) шакллаб бермоқда экан. 

Томошабин кўпинча фильмда кечаётган воқеалар гирдобида қолиб, бу одатларни ғалвирлаш, сарасини саракка, пучагини пучакка ажратишга, одоб-ахлоқ нормалари асосида таҳлил қилишга эътибор бермайди, натижада кўз ўнгида такрорланаётган нарса олдида таслим бўлади-қўяди, ўша одатни ўзига сингдиради. Негаки, бошқа бир теледастур рўпарасида бир соат ўтира олмайдиган томошабин бундай фильмлардан 7-8 тасини соатлаб, ҳеч зерикмай кўра олади, беихтиёр унда берилаётган фикрлар, кўринишларга мойиллик сезганини билмай қолади. 

Кенг жамоатчилик кийим-кечак, турли тиббий, ижтимоий одатлар, алоқа-муносабатлар, хатти ҳаракатлар, сўзлар, истилоҳлар, маросимлар, балки фикрлару ҳиссиётлар, сезгилару дунёқарашлар, нуқтаи назарларда шундай қуршовли ва чуқур таъсир остига тушадики, оддий, примитив воситалар билан бунга қарши тура олишнинг иложи йўқ. 

Азалдан кишилар орасида кўп нуқталарда муштарак, тўғрироғи, бир-бирига яқин маданиятлар мавжуд бўлган ва шундай бўлиб келмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдин араблар урф-одатлари, маданияти ичида форслар урф-одати ҳам, румларники (византияликларники) ҳам, хитойлариники ҳам, жоҳилий арабларники ҳам мавжуд эди. Ислом бу урф-одатлардан фақат нотўғри ва ёмон маъноларга эга бўлганларинигина рад этди. 

Башарият – узоқ-узоқларга тарқаб кетган, маданиятлари, ҳаёт йўллари турлича, бироқ туғма, ўзаро муштарак инсоний табиатга эга бўлган битта оиладирки, буни ҳар бир халқ ўзи ўсган қадриятлари, ўзига хос меросидан келиб чиқиб ўзича ифодалайди. 

Саҳна асарлари таъсири муайян бир жамиятга чекланмайди. Масалан, "Масиҳ изтироблари" (The Passion of the Christ), Титаник, "Тақлидчи қушни ўлдириш" (To Kill a Mockingbird), "Ёрдам" (The Help) каби асарларнинг ғарб жамиятларидаги ирқчилик (расизм), қашшоқлик, болалар ва аёлларга зўравонлик каби ижтимоий муаммоларни, шунингдек, Ироқ, Афғонистон, Фаластин воқеалари каби сиёсий муаммоларни, ёки тарихий, ақидавий масалаларни ҳал этишга ёрдами тегишини кўпчилик инкор этмаса керак. 

Таъсирланиш (таъсирчанлик), таъсир ўтказиш (таъсирлилик) бир жамият ичида рўй бериши тушунарли, табиий ҳолат. Лекин, ҳудудлару чегаралардан ўтиб, қитъалару уммонлар оша келган бегона маданиятлардан таъсирланадиган, фақат истеъмолчига айланиб қолган, ўзгаларга таъсир ўтказолмайдиган, ўз олий қадриятларини тақдим эта (экспорт қила) олмайдиган жамият бўлиб қолиш жуда айблидир. 

Илгари имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтар эдилар: 

"Сийрат, тарихни ўрганиш кўп фиқҳнинг ўрнини босади". 

Тарихий жиҳатдан олсак, "саҳна асари" қадимги юнонлардан келган санъат ҳисобланади. Лекин шарқ, жумладан, араблар жамияти ҳам баъзи бадиий санъатлардан холи бўлмаганки, бу нарса кишилар ҳаётида санъатнинг муҳимлигини билдиради. Масалан, "Соя театри" деб аталувчи жанр яқин-яқингача қўлланиб келган (бу жанр – келиб чиқиши Хитойдан бўлиб, асосан, теридан қилинган қўғирчоқларнинг ҳаракати сояси томошабинларга тақдим этилади. Аббосийлар даврида, тақрибан 11-милодий асрда арабларга кириб келган. Тарж.). Адабий меросимиз ичида учрайдиган турли бадиий лавҳалар, хилма-хил тўқима ривоятлар, суҳбатлар, мусобақалар тўплами шу соҳага кириб кетса ҳам ажаб эмас. 

 Бу нарса бизни тарихий саҳна асарлари ҳақида сўзлаш томон етаклайди: дунё тарихи, Ислом тарихи, ундаги таъсир кўрсатувчи шахслар тарихи, турли миллий, иқлимий, сиёсий, мустамлакачилик курашларидаги яқин тарихни ифодаловчи асарлар хусусида тўхталиб ўтсак. 

Ўсиб келаётган авлод мустамлакачиликка қарши курашган халқ вакиллари ичида Умар Мухторни кўпроқ танийдилар, шубҳасиз, бунга ўша воқеаларни акс эттирувчи саҳна асари (фильм)нинг таъсири бор. 

Ироқ, Вьетнам, Африкада мустамлакачилик юришларини қилган Америка халқлар зеҳниятида ўзини яхши кўрсатиш учун саҳна асарлари (фильмлар)дан фойдаланишга уриниб, бунинг уддасидан яхшигина чиқа олди, бунга, хусусан, ҳақиқатни очиб берадиган бошқа пухта ишланган асар (фильм)ларнинг йўқлиги ёрдам берди. 

Саҳна асарлардан яна бир жанр бу – кишиларга табассум улашувчи комедия жанридир. Данияда бир киши комедия кўраётиб, кулгининг зўридан жони узилибди. Қарангки, унинг хотини мазкур комедия ишлаб чиқарувчиларига ташаккурнома ёзган экан... 

Қаранг, ҳатто кулгининг ҳам ўз ўрни, ўз вазифаси – томошабинга аталган бир мактуби бор, баъзан кучли услубда, баъзан эса ишора тарзида бўлса-да, ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. 

Исломда ҳар бир нарсанинг миқдори бор, шунинг учун Ислом кулгидан қайтармаган, пайғамбарлар кулар эдилар, табассумда юрар эдилар. 

Табассум – солиҳ, амалли кишилар одатидир, "дўстингиз юзига табассум(ила боқиш)ингиз – садақадир". 

Лекин кулгининг кўп бўлишидан, ҳиринг-ҳирингдан қайтариқ келган. Имом Аҳмад, Бухорий (Адаби муфрад китобида), Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда "Кўп кулиш қалбни ўлдиради" дейилади. 

Болалар ўқишдан ҳам кўра кўпроқ вақтни зангори экран қаршисида: турли мултфильмлар, аниме-фильмлар кўриб, компьютер ўйинлари ўйнаб ўтказмоқдалар. 

Ишлаб чиқарувчилар болалар ҳаёт тарзини ўзгартириш учун, улар орқасидан беҳисоб пуллар топиш учун энг замонавий техникалардан ниҳоятда таажжубли суратда, уддабуронлик билан фойдаланмоқдалар. 

Кейинги йилларда интернет ривожланиб, телевизор таъсири бироз камайган бўлса-да, болалар учун мўлжалланган каналлар ҳануз ўз ўрнини йўқотгани йўқ, уларнинг фикрларини, тилларини, ҳатто ҳиссиётларини шакллантиришда интернет билан елкама-елка рақобатлашиб келмоқда. Болалар баъзан ота-оналарнинг огоҳлантиришларига қарамай, жозибадор мултфильмларни севиб томоша қилишмоқда. 

Техника (замонавий техника тараққиёти) бетарафми? 

 Қайдам.. 

 Қанийди бу тараққиётни ҳаётнинг ижобий, ажойиб: эзгуликка интилиш, сабр, ғайрат, бағрикенглик ва ҳоказо олий қадриятларни мустаҳкамлаш учун ишлата олсак... Ёки ўзаро ижобий мулоқот, ҳамжиҳатлик, беғараз рақобат гарови бўлган ҳамда меҳнат, муваффақият, бинокорлик, ижодкорликка ундовчи Исломий Ўзликни қўллаб-қувватлашга йўналтира олсак... 

Бу техника тушмагурни ташқи дунёни яхши тушунган ҳолда ўрганиб, у билан ижобий муомалада бўлиб, ундаги имкониятлардан кенг фойдаланиш ўрнига ўзимиздан узоқ қилишимиз дуруст бўлмайди... 

Ҳар бир исломий юртга муборак Рамазон ойи ўзининг ажойиб руҳоний шукуҳи билан, бетакрор одатлари билан кириб келади. Афсуски, унинг бу файзу шукуҳига, бу равнақига телеканалларда турли ижтимоий, тарихий саҳна асарларнинг тўлиб-тошиши раҳна солиб туради. Негаки, буларнинг аксари сиёсий жиҳатдан "ҳаром" қилинган мавзулардан кўра, ижтимоий, шариат ҳаром қилган нарсаларга "ҳатлаб" ўтишга бемалол журъат қилган, қадрият ва маданиятнинг асари ҳам йўқ сериаллар бўлади. 

Тўғри, баъзан жиддийроқ, мавжуд салбий воқеликни ўзгартиришга уринган саҳна асарлари ҳам учраб туради, (лекин юқоридагиларга нисбатан бундай асарлар йўқ ҳисобида деса ҳам бўлаверади). 

Пировардида, эркинлик чекланганлиги ва иқтисодий ночорлик муваффақият, юксалиш йўлига ғов бўлиб қолмоқда. 

Катта асарлар билан рақобатлаша оладиган, таъсир кучига эга бўлган ишлар ўзимизда ҳали-ҳануз дунё юзини кўргани йўқ. 

Муваффақият қозониш учун асарлар метин, ўзгармас тамойиллар асосида ишланиши шарт эмас. Гарчи улар биз истагандек мукаммал тарзда, юқори савияда бўлмаса ҳам, баъзан чет эл фильмлари ўрнини босувчи фойдали ўринбосар вазифасини ўтаб, жамият ислоҳида катта рол ўйнаши мумкин. Миллий, тарихий ёки ижтимоий мавзуларда ишланган, етук қадриятлар, ижобий хислатларни кўзлаган бундай асарларнинг салбий таъсир этувчи фильмлар ўрнини боса олиб, ижобий таъсирга эга бўла олиши кифоя. 

Бу борадаги фиқҳий ва шаръий мунозара-низолар эса давом этаверади, бу табиий ҳол. Ишларга шаръий баҳо бериб, маъқуллаш ё нотўғри дейиш ёки ўзгартиришлар киритиш мумкин. Лекин бундай тортишувлар ҳеч қачон ишларнинг тўхтаб, қолиб кетишига сабаб бўлмаслиги керак. 

Саҳна асарларини асосидан (таг-туги билан) бўлмайди, ўзи ёлғон-яшиқдан бўлак нарса эмас, дейдиган илмий-шаръий назарлар ҳам йўқ эмас. Устозимиз шу фикрда бўлиб, бошқа кўпчилик уламоларга қарши борган эдилар. Мазкур уламолар эса "бу нарса шариатда келган зарбулмасалларга ўхшаб кетади", деб масала негизини инкор этмаган бўлсалар-да, лекин тамойилларида, тафсилотида, "бунга тор доирада рухсат этиладими ё кенг кўламда қўллашга изн бериладими" хусусида ихтилофга борган эдилар. 

Биринчи нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, унга кўра саҳналаштириш нари турсин, ҳаётда юз бермаган, тарихий бўлмаган ҳикоя-қиссаларни ёзиш ҳам дуруст бўлмайди. 

Хулоса, фиқҳий мунозаралар тўхтамайди, уни чеклаб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Лекин ҳаёт эса турли: иқтисод, сиёсат, техника, нақлиёт (транспорт), фазогирлик, электроника жабҳаларида фақиҳ айтаётган сўзларга қараганда анча кенг, зудлик билан жадаллашмоқда. 

Асар (фильм)лар ишлаб чиқилгандан кейин ҳам уларни тўғрилаб, мукаммаллаштириш имкони мавжуд, зотан, ривожланиш, юксалиш, яхшилаш ҳаракати ҳеч қачон тўхтамайди, қуруқдан қуруқ инкор этиб, икки оёқни бир этикка суқиб олиш ҳеч нарса қилиб бермайди, оғриқли воқеликдан нолиб ўтириш ҳам муносиб муқобил тақдим эта олмайди. 

Бир нарса амалга ошиши учун одамлар барчаси бир фикрда бўлишлари лозим эмас. Фикрлар турлича бўлиши табиий, баъзилар эшикларни чамбарчас боғлаш тарафдорлари бўлсалар, бошқалар очилишини хоҳлайдилар, ўксиниш ё инкор қилиш ўрнига майдонда ўз ҳиссаларини қўшишни афзал биладилар. 

Бу борада тортишув-низолар гапдан амалга кўчиш учун ёки ақалли, эзгу ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун бўлмайдиган бўлса, бундай тортишувларга чек қўйган яхши. Шотибий айтмоқчи, "амал кўзланмаган ҳар қандай (қуруқ) масалани шариатда яхши деб ҳисоблашга асос йўқ". Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу "Амалга ошмайдиган ҳақни гапиришдан фойда йўқ" дер эдилар. 

Саҳна асари (фильм) атрофда юз бераётган маҳаллий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг бўлиб, халқлар интилиши, орзуларини мужассам этмоғи лозим. Турли жабҳаларда, жумладан, санъат ва оммавий ахборотда юз бераётган ижобий ўзгаришларни бус-бутунича ўртага олиб чиқиб, инсон ҳаётидаги қийинчиликларни акс эттириши, муаммоларига муносиб ечим тақдим этмоғи даркор. 

Айни мана шундай асар (фильм)ларнинг йўқлиги халқларнинг бошқалар томонидан алданишига, гумроҳ бўлишига олиб келмоқда, жиноятчи шахс холис ватанпарвар, фидокор қилиб кўрсатилмоқда, ростгўй ватанпарвар киши эса террорчи ё қонхўр, мунофиқ ё лақма ёхуд маданиятдан орқада қолган шахс сифатида тасвир этилмоқда. 

Қанчадан-қанча фильмларда диндор роли барча нафратланадиган, калака-масхара этилишга, ҳақоратга лойиқ киши ўлароқ намойиш этилиб келинмоқда! Устига устак, миллионлаб томошабинлар кўрадиган саҳна асарларида иймоний маънолар, ахлоқий қадриятлар йўғрилган лавҳалар қасддан бузилиб, киши нафратланадиган ҳолда кўрсатилмоқда. Ғарб ҳаёти, ундаги яшаш тарзлари эса олқишланиб, рағбатлантириб намойиш этилмоқда. 

Биз, ушбу оламга (кино оламига) шиддат билан кириб, муносиб кадрларни тайёрлаб, ушбу йўлда пуллар сарфламас эканмиз, дунё миқёсида ўз нуқтаи назаримизни, ҳаёт йўлимизни тўлиғича тақдим эта олмаймиз, халқлар миясига сингдирилган салбий, нотўғри тушунчани олиб ташлаб, ҳақиқий мусулмон киши ўзлигини, шахсиятини, унинг тарихида ўтган ҳақиқий қаҳрамонлар сийратини етказа олмаймиз. 

Одамлар профессионал тарзда, маҳорат билан ишланган фильм орқали бир ижтимоий одатнинг ёки шахснинг ёмонлигини кўриб, ўша одатдан тийилишлари, мазкур шахсга нисбатан нафрат ҳосил бўлиши мумкин, ваҳоланки, уларни қаноатлантириш учун бошқа турли усуллар фойда бермаган бўлади! 

Дунё бугунга келиб шундай бир экран, бир жиҳозга айландики, бир йигит ё қиз уни чўнтагида олиб юриб, у орқали дунёдаги хоҳлаган кишиси билан мулоқот қила олади, хоҳлаганини кўра олади! 

 Биз ушбу экранда ўз эътиқодимиз, тарихимиз, тилимиз, қадриятларимиз, тамойилларимизни мужассам этувчи асарлар билан бир ИЗ қолдира оламизми? Ўзгаларни қаноатлантира олмасак ҳам, жиллақурса, ўз фарзандларимизни ҳақ-ҳуқуқимизни тан олишга, уни ҳимоя қилишга кўндира оламизми?! 

Ушбу саволга исломий одоблар йўғрилган босиқ, оқилона баҳс-мунозаралар асосида ёндашилган турли – мувофиқ ва қарши фикрлар билан жавоб бўлишини кутиб қоламан. 

Доктор Салмон Авда 

Сайфуллоҳ Носир таржимаси

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!