Туркийзабон давлатлар вакиллари Будапештда Наврўз байрамини нишонлади

Туркийзабон давлатлар вакиллари Будапештда Наврўз байрамини нишонлади

Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) Венгриядаги ваколатхонаси тадбирлар уйи — "Ибль-Вилла"да ТДТга аъзо давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликда Наврўз байрамига бағишлаган тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда ТДТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон элчилари, Венгрия вазирлик ва идоралари, университетлари, илмий-эксперт доира ҳамда жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Наврўз байрами тантаналарининг очилиш маросимида ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси ижрочи директори, Венгрия Фанлар академияси академиги, элчи Иштван Вашари сўзга чиқиб, иштирокчиларни баҳор ва янгиланиш айёми – Наврўзи олам билан самимий қутлади. У Наврўз байрами бутун дунё тарихи ва халқлар маданиятига чуқур сингиб кетган бой анъана ҳамда азалий қадриятлар тимсоли сифатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

"Наврўз айёми нафақат туркий дунёда балки дўст Венгрия халқи томонидан ҳам қадрланадиган бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва маданий анъана ва қадриятларни ҳурмат қилиш байрами сифатида нишонланади. Туркий халқлар ва Венгрия ўртасида тарихдан мустаҳкам дўстлик ришталари шаклланган ва ҳозирги кунда кенг миқёсда стратегик ҳамкорлик даражасида фаол ривожланиб бормоқда", деди Иштван Вашари.

ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси ижрочи директори элчилар билан суҳбат чоғида туркий мамлакатлар ва Венгрия ўртасида янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва халқларимиз ўртасида дўстона мулоқотни янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтиришга эътибор қаратди. У, шунингдек, ТДТга аъзо мамлакатлар билан Венгрия ва Европа Иттифоқи давлатлари ва ЕИ тузилмалари ўртасида устувор жабҳаларда кенг қамровли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Тадбир давомида ТДТ аъзо давлатлар санъат усталари томонидан миллий куй ва қўшиқлар ижро этилди. Жумладан, Ўзбекистондан келган "Ниҳол" мукофоти совриндори Воҳиджон Исоқов ва ўзбек миллий рақс гуруҳи томонидан тақдим этилган маданий дастур барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!