Тўқимачилик кластерининг янги корхонаси ишга тушди

Президент Шавкат Мирзиёев “WBM Romitex” кластерининг Андижон шаҳрида қурилган янги корхонаси фаолияти билан танишди.
“WBM Fabrics” номли ушбу корхона қайта ишлаш занжирининг навбатдаги босқичи. Умумий қиймати 50 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида замонавий саноат иншооти қурилиб, Италия ва Германиядан юқори технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Матони бўяш ва гул солиш йўлга қўйилди. Корхона йилига 24 минг тонна шундай харидоргир маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 600 та доимий иш ўрни яратилди.
Яна бир эътиборли томони, мажмуада Италиядан келтирилган замонавий сув тозалаш иншооти барпо этилган. Унда бўёқ цехидан чиққан техник сув тозаланиб, қайта фойдаланишга йўналтирилади. Бу тежамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш, энергия тежамкорлик орқали таннархни камайтириш, ишчиларнинг касбий малакасини ошириш масалалари тўғрисида сўз юритилди.
Қайд этиш жоиз, корхона фаолияти ташқи бозорга ихтисослашган, йиллик экспорт ҳажми 55 миллион долларни ташкил этади.
Андижон вилоятида тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Ҳудудда етиштирилган пахтани замонавий кластер тизимида чуқур қайта ишлаш кенгайиб бораётир. Вилоятнинг республика тўқимачилик саноатидаги улуши 16,5 фоиз. 2024 йилда Андижонда 20 триллион сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 488 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу вилоят умумий экспортининг 42 фоизини ташкил этади.