Трамп «янги Ғазо» учун Форс кўрфази давлатларидан пул талаб қилмоқда

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазони ўз назоратига олиб, уни «Яқин Шарқ Ривераси» га айлантириш режасини илгари суришда давом этмоқда. Унинг таклифига кўра, фаластинликлар қўшни давлатларга кўчирилиши, Ғазо ҳудудида эса жаҳон даражасидаги курорт барпо этилиши керак. Аммо Трампнинг фикрича, бу лойиҳани АҚШ эмас, балки нефтга бой Форс кўрфази монархиялари молиялаштириши лозим.
Middle East Eye нашрининг маълумотларига кўра, Трамп Саудия Арабистони, Қатар ва БАА га босим ўтказиб, уларни фаластинликларни кўчириш ва Ғазони тиклаш учун маблағ ажратишга мажбур қилмоқда.
«Вашингтондан хабар аниқ: "Сиз АҚШдан энди ҳамма нарсани шунчаки бепул ололмайсиз", — дея Трамп маъмуриятидаги манбадан иқтибос келтиради нашр.
АҚШ ва Форс кўрфази давлатлари ўзаро чуқур ҳарбий ва иқтисодий манфаатларга эга. Вашингтон Қатар, Баҳрайн ва Қувайтда ҳарбий базаларга эга бўлса, Саудия Арабистони ва БАА АҚШ қурол-яроғининг энг йирик харидорларидан ҳисобланади. Шу билан бирга, АҚШ араб нефтига қарам, араб давлатлари эса Америка иқтисодиётига миллиардлаб доллар сармоя киритади.
Оқ уй айнан шу алоқалардан фойдаланиб, иттифоқчиларни «янги Ғазо секторига» сармоя киритишга мажбур қилмоқчи. Фаластинликларни кўчириш учун маблағ ажратган тақдирда, Форс кўрфази давлатларига Ғазо қирғоғини қуриш ва ривожлантириш бўйича фойдали контрактлар таклиф қилиниши мумкин.