Трамп Эрон раҳбарияти билан учрашишга тайёр
АҚШ президенти Доналд Трамп, агар делегациялар бўлажак музокараларда муваффақиятга эришса, Эрон раҳбарияти билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у The New York Post'га берган интервюсида маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар муваффақиятсизликка учраши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни “бир четга суриб қўйган”.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ делегацияси аллақачон Исломободга йўл олган. Делегация таркибидан вице-президент Жей Ди Вэнс, махсус вакил Стив Уиткофф ва маслаҳатчи Жаред Кушнер жой олган.
"Улар ҳозир у ерга йўл олишмоқда. Исломобод вақти билан бугун оқшом ўша ерда бўлишади", — деди президент.
Шунингдек, Трамп агар имконият туғилса, Эрон раҳбарияти билан тўғридан тўғри учрашишдек “радикал дипломатик қадам”га тайёрлигини билдирди.
"Улар билан учрашиш мен учун муаммо эмас. Агар улар учрашишни хоҳлашса, бизда жуда қобилиятли одамлар бор, мен улар билан кўришишга қарши эмасман", — деди у.
Бироқ Трамп бунинг учун Эрон ядро қуролини яратишга бўлган ҳар қандай уринишдан воз кечиши кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, АҚШ раҳбари Эрон “талабларга риоя қилса, гуллаб-яшнаш ва фаровон давлатга айланиш салоҳиятига эга” эканини қўшимча қилган.
