Тошкентда Yandex.Mahalla хизмати ишга туширилди

Тошкентда Yandex.Mahalla хизмати ишга туширилди

Тошкентда Yandex.Mahalla хизмати ишлашни бошлади. Бу ерда инсонлар қўшнилар билан ўз тумани янгиликларини муҳокама қилади, эълонларни жойлаштиради, яқин-атрофдаги қизиқарли ҳодисалар ҳақида билиб олади. Бунгача хизмат фақат Россияда Yandex.Tuman (Яндекс.Район) номи билан фаолият кўрсатаётган эди. Бу ҳақда Spot хабар бермоқда.

Тошкент шаҳридаги 11 та туманнинг ҳар бирида фойдаланувчилар маҳаллий янгиликларни ўқиши мумкин бўлган ҳамжамиятлар мавжуд: масалан, кўчанинг нариги юзида дўкон очилиши, спорт тўгарагига танлов ёки чироқ ўрнатилиши ҳақида.

Ҳамжамиятларда инсонлар бир-бирлари билан маслаҳатлашади ва эълонлар жойлаштиради — нарсалар сотади, иш қидиради, уй ҳайвонларини бошқаларга беради. Репетитор, ишчи ёки энагалар қўшниларга ўз хизматларини таклиф қилиши, тадбиркорлар эса — чегирма, янги товар ва хизматлар ҳақида сўзлаб бериши мумкин.

Туман ҳокимликлари Yandex.Mahalla’да ўзларининг расмий ҳисоб қайдномаларини юритади, пойтахт ҳокимияти қошидаги Жамоат маслаҳати органи фойдаланувчиларга жавоб бериш учун уларни кузатиб боради. Эндиликда Тошкент аҳолисининг маҳаллий муаммолар ҳақида шаҳар ҳукуматига мурожаат қилиши ва сўраши осонлашади, масалан, йўл қачон таъмирланиши ёки болалар боғчаси қачон очилиши ҳақида.

«Тошкент Yandex.Tuman (Яндекс.Район) Россиядан ташқарида ишлашни бошлаган биринчи шаҳарга айланди. Хизматни Ўзбекистонда ишга тушириш вақтида биз биринчи навбатда маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олдик: масалан, ҳам ўзбек тилида, ҳам рус тилида ёзиш имкониятини қўшдик, шунингдек, майдонларга маҳаллий номларни бердик», — дейди Yandex’нинг Ўзбекистондаги ҳудудий директори.

«Yandex.Tuman (Яндекс.Район) хизмати ишлайдиган шаҳарлар аҳолиси турли саволларни муҳокама қилишади: Новосибирск уйларидаги совуқ иситиш батареяларини, Санкт-Петербургнинг асосий киришига ўрнатилган ахлат тувакларини, Краснодарда очилган тарихий хиёбонни ёки Москва шаҳридаги муниципиал депутатлар ишини. Бизнингча, Тошкентда ҳам хизмат оммалашади ва қўшнилар онлайн суҳбатларининг асосий жойига айланади», — дейди Yandex.Tuman хизмати раҳбари Татьяна Горелик.

Yandex.Tuman (Яндекс.Район) 2016 йилда пайдо бўлган ва ҳозирда унда ўндан ортиқ шаҳар аҳолиси гаплашмоқда: Москва, Санкт-Петербург, Краснодар ва бошқалар. Хизматнинг ой давомидаги аудиторияси 3,5 миллион фойдаланувчидан ортади.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!