Тошкентда ижара нархи арзонлашиб, уйлар нархи эса ошди

Тошкентда ижара нархи арзонлашиб, уйлар нархи эса ошди

Тошкентда ижара нархи арзонлашди, уйлар нархи эса ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Қайд этилишича, иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархлар бир ой ичида 4,5 фоизга, пойтахтда эса 3,8 фоизга ошди. Шу билан бирга, февраль ойида Тошкентда уй-жойни ижарага олиш 2,3 фоизга арзонлашди.

Кетма-кет иккинчи ой давомида уй-жой олди-сотди шартномалари сони ортиб бормоқда. Агар январь ойида 18 минг битим қайд этилган бўлса, февраль ойида уларнинг сони 22,5 мингтага етди ва 24 фоизга ўсди.

Тошкентда ижарага бериладиган уй-жой нархлари ўзгарди

Февраль ойида пойтахтнинг аксарият туманларида ижарага бериладиган уй-жой нархларининг пасайиши кузатилди.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи 1 кв.м. учун 9,86 долларни ташкил этиб, 2023 йил январь ойига нисбатан 2,3% фоизга пасайди.

Ижаранинг энг юқори нархлари пойтахтнинг Шайхонтоҳур ($13,3), Яккасарой ($12) ва Миробод ($12) туманларида қайд этилди.

Ижаранинг нисбатан паст нархлари Учтепа ($7,7), Сергели ($6,8) ва Бектемир ($6,6) туманларига тўғри келди.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига келиб, Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи 19,9 фоизга ошди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ҳисоб-китобларга кўра, республикада жорий йил февраль ойида иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв.м. учун уй-жой нархининг ўртача ўсиши ойига 4,5%ни ташкил этиб, 2022 йил февраль ойига нисбатан 23,1%га ўсди.

Йил бошидан буён Навоий – 32,7%, Фарғона – 31,5% вилоятларида ва Тошкент - 31,5% шаҳрида уй – жой нархининг сезиларли ўсиши кузатилди.

Февраль ойида Тошкент шаҳрининг иккиламчи бозорида нархларнинг ўсиши ойига 3,8%ни ташкил этди. Нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Чилонзор – 9,6%, Сергели – 6,2% ва Олмазор туманларида - 4,9% қайд этилди.

Ўтган йилга нисбатан Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархи 31,5 фоизга ошди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!