Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти қайта тикланди. Ишсиз қолган шифокорларга пул тўланди

Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти қайта тикланди. Ишсиз қолган шифокорларга пул тўланди

Интернет  тармоғида  Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг ушбу муассаса фаолиятини қайта тиклаш ва тегишли тўловларни тўлаб бериш билан боғлиқ мурожаати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мазкур шифохонада бўлиб, масалани ўз жойида ўрганишди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Б.Мусаев ҳам бевосита иштирок этди ва тиббиёт ходимлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб,  вазиятга ойдинлик киритди.

Маълумот учун айтиш керакки, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари Зангиота туманида 2 807 ўринлик янги очилган юқумли касаликлар шифохонасига жалб қилинганлиги муносабати билан ушбу муассаса ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Маълум бўлишича, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонасининг 243 нафар тиббиёт ходими бўлиб, улар Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 июлдаги 32-сонли баёнига асосан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига сафарбар этилган. Муассаса ишга тушгач, биринчи 14 кунлик навбатда ушбу шифохонадан 63 нафар ходим (шифокор, ўрта ва кичик тиббий ходимлар), 21 июлдаги иккинчи 14 кунликка 16 нафар ходим ишга чақирилган. 5 августдаги учинчи 14 кунлик навбатда ишлаш истагида бўлган 53 нафар ходим жалб қилинган.

Ўрганишлар давомида тиббиёт ходимларининг барча талаблари қондириладиган бўлди. Хусусан, эпидемик вазиятнинг барқарорлашаётгани инобатга олиниб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти қайта тикланиб, ходимлар иш жараёнига қайтарилиши белгиланди. Шунга кўра, ушбу шифохона очилиб, 15 августдан бошлаб беморларни қабул қила бошлади.

Бундан ташқари, карантин сабаб иш жараёнидан узилиб қолган ходимларга конун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда асосий лавозим маошидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳам тўлиқ тўлаб берилди. Қолаверса, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида ишлаш истагини билдирган ходимларнинг мурожаатларини тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича керакли топшириқлар берилди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!