Тинчлик кенгашида Трамп Ғазони тиклаш учун 17 миллиард доллар ажратилишига ваъда берди
Бу ҳақда The Insider хабар берди.
Йиғилиш яқинда Трамп номи берилган АҚШ Тинчлик институти биносида бўлиб ўтди. Тадбирда 50 га яқин давлат ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этди. Кенгашга 27 та давлат аъзо бўлиб, қолган мамлакатлар кузатувчи сифатида иштирок этган. Кузатувчи давлатлар орасида Германия, Италия, Норвегия, Буюк Британия ва Швейцария бор.
Кенгаш асосчиси Доналд Трамп “Тинчлик кенгаши” давлатлари Ғазо сектори учун 7 млрд доллар ажратишга ваъда берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони ва Кувайт мамлакатлари шундай келишиб олган.
Трампнинг айтишича, АҚШ бу суммага яна 10 млрд доллар, БМТ 2 млрд доллар, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) футбол спорт тури билан боғлиқ лойиҳаларга 75 млн доллар ажратади.
Бундан ташқари, беш давлат Ғазо секторига Халқаро хавфсизлик кучлари (ISF) таркибида қўшинларни юборишга рози бўлган.
"Дастлабки беш давлат - Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания Халқаро хавфсизлик кучлари таркибида хизмат қилиш учун қўшин юборди. Икки давлат - Миср ва Иордания полицияни ўқитиш мажбуриятини олди", — деди ISF қўшинлар қўмондони генерал-майор Жаспер Жефферс .
Шунингдек, Исроил хавфсизлик кучлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига жойлашади, у ерда полицияни ўқитади ва “секторма-сектор кенгайиб боради”, деб қўшимча қилди Жефферс. Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режа Ироқ хавфсизлик кучларининг 20 минг ҳарбий хизматчисини жойлаштириш ва 12 минг полициячини тайёрлашни назарда тутади.
