Тезкор! Кейинги йилда тест синовларида тушадиган саволлар қайси дарсликлардан олиниши эълон қилинди

Тезкор! Кейинги йилда тест синовларида тушадиган саволлар қайси дарсликлардан олиниши эълон қилинди

Куни-кеча имтиҳонлар ҳақида маълумот бера туриб, кейинги йил тест синовларида фойдаланиладиган дарсликлар рўйхати ва қайси йўналишга қайси фандан тест олиниши ҳалигача маълум эмаслиги ҳақида ёзгандим.

Бугун Давлат тест маркази 2020-2021-ўқув йилида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларида қўлланилаётган дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар рўйхатини эълон қилди.

Ушбу адабиётлар рўйхати ДТМнинг Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига қилган мурожаатига жавобан мазкур вазирликлардан келган хатлар асосида шакллантирилган.

Дарсликлар рўйхатини https://dtm.uz/info/textbooks манзили орқали тегишли фан ва тилни танлаган ҳолда олишингиз мумкин.

❗️Энди яна бир асосий масала, қайси йўналишга қайси фандан имтиҳон бўлишини эълон қилиш қолди. Албатта айтишингиз мумкин, ўтган йилгилардан фойдаланса бўлади, борку, деб. Тўғри, бор. Лекин ҳар йили қайсидир йўналишда фанлар мажмуаси ўзгариб қолади. Бу одатга айланган. Ушбу ўзгариш эса тестга нари борса 1-2 ой қолганда маълум бўлади. Натижада бошқа фанга кўпроқ урғуни қаратган абитуриентлар бошини чангаллаганча, аростда қолишади.

Ўзи ҳар доим таъкидлайдиган фикримни яна бир марта қайтармоқчиман: бизда кириш имтиҳонлари ўта кенг миқёсда марказлашган ҳолда олинар экан, демак, ўйин қоидаларини олдиндан аниқ белгилаш керак. Айниқса кириш имтиҳонлари билан боғлиқ ташкилий жараёнларнинг аниқ муддатини Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқлаш керак. Масалан, фалон муддатгача адабиётлар рўйхати эълон қилинади, фалон муддатгача квоталар белгиланади, фалон муддатгача йўналишлар кесимида фанлар мажмуаси тасдиқланади ва ҳ.к. Йўқса ҳар йили бу каби ўта муҳим масалалар пала-партиш, тақалиб, кечикиб эълон қилинади.

Қачондир бунга чек қўйилиши керакку ахир.
 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!