Сўхга келган кучли сел ҳақида ФВВ маълумот берди

Сўхга келган кучли сел ҳақида ФВВ маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда “Фарғона вилояти Сўх туманига кучли сел келди” сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан ФВВ қуйидаги маълумотларни берди.

Бугун, 11-май куни соат 18:00 ларда қисқа муддатда ёғиб ўтган кўп миқдордаги кучли ёғингарчилик оқибатида Фарғона вилояти Сўх туманининг “Сўх”, Фарғона туманининг Шохимардон ҳудуди “Ёрдон” МФЙларида сел оқимлари юзага келди.

Ҳодиса натижасида Сўх туманининг “Малбут” қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Малбут”, “Девайрон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Девайрон” сел йўлларида сел оқимлари сой ўзанига сиғмай, “Сўх-Риштон” автомобил йўлининг қатнов қисмига лойқа ва турли тоғ жинслари оқизиб келган. Оқибатида ушбу автомобил йўлида транспорт воситаларининг қатнови вақтинчалик тўхтатилган.

Сел сувлари “Малбут” қишлоғидаги хонадонларнинг ертўла, қўшимча бино ва томорқаларига кирган. Ҳозирда муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Сел оқими оқибатларини бартараф этиш, сув тошиб кирган хонадонлар сонини аниқлаш ишлари туман ҳокими раҳбарлигида Фавқулодда вазиятлар бўлими ва тегишли хизматлар томонидан амалга оширилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!