“Суд” ва “адолат” сўзлари доим бирга қўлланилиши керак
2009 йили катта экранга чиққан “Law Abiding citizen” фильми нафақат оила аъзоларининг қотиллари, балки коррупция ботқоғига ботган бутун бир суд тизими вакилларига қарши курашга бел боғлаган фуқаро ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу киноасар суднинг ноҳақ қарори бир умр қонунларга бўйсуниб келган одамни бутунлай тескари томонга ўзгартириб юбориши мумкинлигини яққол тасвирлаб беради. Суд ва адолат сўзлари ёнма-ён келмас экан, жамиятда норозилик, “самосуд”, давлатга нисбатан ишончсизлик ҳолатлари кўпаяди.
Мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадри, унинг фаровон ҳаёти ётгани сир эмас. Жумладан, одил суд тизимини қарор топдириш, судьялар мустақиллигини таъминлаш учун бу масалага оид нормаларни Конституцияга киритиш кўзда тутилмоқда. Шу қаторда 111-моддада “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органи” эканлиги белгиланади.
ИИВ бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори Сахибжамал Жолдасова, судьялар одоб-аҳлоқ кодексида “ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-аҳлоқ талабларига эга бўлиш керак”лиги, “ҳар қандай вазиятда ҳаққоний бўлиши, ҳолислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт” деб белгиланганини таъкидлайди. Аммо мана шу қоидаларни ўзида жамлаган ҳақиқий судьялар корпуси мавжуд эмаслигига эътибор қаратади. “Одамлар адолатни излаб суд органларига мурожаат қилганида “судья” объектив қарор чиқара олиш учун ўзида билим ва куч топа олмаса, бундай судьяларни лавозимдан озод этиш лозим. Куни кеча @sudyalaroliykengashi Телеграм-каналида айрим судьяларнинг одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги учун лавозимларидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан олдин тугатилди”, - деб ёзади эксперт.
Суд ислоҳотларини чуқурлаштириш, ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатида бутун одил судлов тизимини демократлаштириш ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилади.
Мамлакатимизда изчил тарзда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишни эркинлаштириш борасида ишлар айни шу нуқтаи-назардан муҳим аҳамиятга эга. Тизимда кечаётган мазкур жараёнлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.