Суд тизимидаги ислоҳотлар судлар мустақиллигини таъминлайди

Суд тизимидаги ислоҳотлар судлар мустақиллигини таъминлайди

Охирги йиллардаги суд органлари тизимидаги улкан ислоҳотлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги қирраларини яратди. Ҳуқуқ ҳамда қонун устуворлиги, ҳокимиятларнинг бўлиниш тамойили аниқлаштирилди. Ўзбекистонда кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари олиб борилиб, демократик давлатнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди.

Жорий йилнинг 12-13 январь кунлари давлатимиз раҳбари томонидан суд тизимини такомиллаштиришга оид бир қатор қонунлар ва фармонлар имзоланди.

Хусусан, "Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.

Эндиликда фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувини олишга ҳақли. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди. Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.

Шу билан бирга, "Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди.

Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

Апелляция шикояти қарор қабул қилингандан бир ой муддатда берилиши мумкинлиги белгиланди (илгари бу муддат 20 кун эди). Апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этишга оид ажрим ҳақида иштирок этувчи шахслар 3 кунда хабардор қилинади (илгари хабардор қилиш ажрим чиқарилган кунда амалга оширилган).

Кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан 1 йилда берилиши мумкин (илгари ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин эди).

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Ғолиб Абдуллаев,
Тошкент туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси

         

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!