Спорт — илҳом ва бирлик манбаи: ТДИУда маънавий-маърифий учрашув ўтказилди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Молия факультетида “Спорт бизни бирлаштиради!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ушбу учрашув университетда ўтказилаётган кафедра ҳафталиклари доирасида Молия ва молиявий технологиялар кафедраси ташаббуси билан амалга оширилди.
Тадбирда Кураш бўйича 5 карра жаҳон чемпиони, 2 карра Осиё ўйинлари ғолиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган 10 га яқин халқаро турнирлар ғолиби Муҳсин Хисомиддинов иштирок этди.
Учрашув давомида спортчи ўзининг курашдаги илк қадамлари, машаққатли тайёргарлик жараёнлари, юксак натижалар ортидаги фидойилик ва қатъият ҳақида сўз юритди. Шунингдек, у ёшлар билан шахсий тажрибаси асосида муваффақиятга эришиш йўллари, мақсад сари интилувчанлик ва ирода хислатлари ҳақида ўз фикрларини ўртоқлашди.
Талабалар томонидан берилган саволлар эса мулоқотга янада мазмун бағишлаб, профессионал спортнинг ўзига хос жиҳатлари, соғлом турмуш тарзи, жисмоний ва руҳий тайёргарлик масалалари юзасидан батафсил жавоблар берилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш, уларни юксак мақсадлар сари руҳлантириш ҳамда спорт орқали миллий ғурур, ватанпарварлик ва жамоавийлик туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.
Шу билан бирга, бундай учрашувлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилиб, уларни иродали, қатъиятли ва аниқ мақсад сари интиладиган баркамол шахслар сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган мазкур тадбир талабаларда катта таассурот қолдириб, улар учун янги ютуқлар сари интилишда муҳим илҳом манбаига айланди.
Мадинабону Абдуллаева,
ТДИУ, катта ўқитувчиси





